Ўзбекистон | 11:33 / 30.11.2020
41800
2 дақиқада ўқилади

«Ўзгидромет» декабр ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди

Декабр қиш фаслининг биринчи ойи бўлса ҳам, лекин энг совуқ давр ҳисобланмайди, деб ёзмоқда «Ўзгидромет».

Фото: KUN.UZ

Ой давомида совуқ ва иссиқ тўлқинлар одатда 1-2 марта кузатилади, яъни 1 ёки 2та кучли совуқ ва 1 ёки 2та худди шундай иссиқлик тўлқинлари юзага келиши мумкин. Ҳаво сезиларли совиганда кўпинча минимал ҳарорат 11-16 даража совуқни ташкил этади.

Илиқ ёки меъёрий декабр ойида ҳарорат 0-5 даража совуқ бўлиши мумкин. Иссиқ тўлқинлар кузатилганда ҳавонинг максимал ҳарорати 14-19 даража илиқни, айрим ҳолатларда эса 22-27 даража иссиқни ташкил этиши мумкин.

Бутун метеорологик кузатувлар даврида Тошкентда энг совуқ декабр ойларида тунда ҳарорат 20-23 даража совуқ бўлган. 1930 йил декабр ойида эса 27-29 даража совуққача тушгани қайд этилган.

Охирги 10 йил ичида Тошкентда 2011, 2012 йилларда декабр ойида энг паст ҳарорат 13 даража совуқни ташкил қилган бўлса, шу ойдаги энг юқори ҳарорат (2012, 2013, 2016 йилларда) 23 даража иссиққача кўтарилган.

Дастлабки баҳоларга кўра, бу йилги декабр ҳарорат кўрсаткичлари бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда.

Ой давомида ҳароратнинг кечаси 0-5 даража совуқдан 2-7 даража илиққача, кундузи 0-5 даража илиқдан 10-15 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда. Республика шимолида тунда 8-10 даража совуқ бўлиши мумкин. Ойнинг иккинчи ярмида эса 12-15 даража совуқ бўлиши мумкин.

Декабрда ёғингарчилик ёмғир, қор кўринишида бўлади. Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кунлар ўртача 5 кундан 13 кунгача ташкил қилиши мумкин. Бир кеча кундузда максимал ёғинлар миқдори суткалик меъёрдан анча кўп бўлиши мумкин. Охирги 10 йил ичида намгарчилик кўп бўлган декабрлар 2013, 2016, 2019 йилларда қайд этилган, Масалан, 2019 йил 22 декабрда максимал суткалик ёғинлар миқдори Тошкентда 34 мм.ни ташкил қилган.

Бу йилги декабрда ойлик ёғинлар миқдори меъёр атрофида, айрим жойларда меъёрдан юқори, шимолда эса айрим жойларда меъёрдан паст бўлиши кутилмоқда (Тошкентда декабр ойи учун ёғинлар 59 мм.ни ташкил қилади). Ёғингарчилик ой давомида вақти-вақти билан кузатилади.

Мавзуга оид