Об-ҳавони кузатадиган онлайн хизматлар адашмаётган бўлса, кейинги ҳафта боши ва охирида ҳам ёмғир ёғиши кутилмоқда. Ҳафта давомида фақат дам олиш кунларида ҳарорат 30 даражадан ошаркан. Бу биздаги май ойи хурсанд бўлса арзийдиган ҳаво.
Бу йилги баҳор нафақат биз учун, балки Яқин Шарқ учун ҳам салқин ва серёғин келди. Эрон ва Ироқда одатдагидан кўп ёмғир ёғди. Ва тармоқда иқлим ўзгаришини Америка ва Исроилнинг Эронда бошлаган урушига боғлаб ёзилган постлар кўпайди. Эрон чиндан анчадан бери «Америка ва Исроил мамлакатга қарши иқлим қуролидан фойдаланиши» ҳақида айтиб келади. Хўш, бу қанчалик асосли? Одамзот қайсидир давлатда сунъий тарзда қурғоқчилик келтириб чиқара оладими?
Фитна назарияси
Мен фитна назариялари, конспирологияларни жуда ёмон кўрадиган одамларданман, чунки бунақа назарияларнинг деярли ҳаммаси уйдирма бўлади. «Дунёда ҳеч ким кўрмайдиган махфий кучлар бор, улар дунёни бошқаради!» дейдиган одамларни кўрсам, тўғриси, ғазабланаман. Дунёни мана шу ҳаммамиз кўриб турган галстук таққан, қорин қўйган сиёсатчилар бошқаради, бунга шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади. Дунёда одамлар билмайдиган қанақадир тартибот бор деб ўйласангиз, адашасиз. Катта минбарларда ким гапираётган бўлса, бошқарув ўшалар қўлида, ишонинг.
Демак, мен ёмон кўрадиган ана шу фитна назарияларига кўра, Америка ва Исроил Эронда йиллар давомида сунъий қурғоқчилик келтириб чиқарган экан. Бу иш учун БААда бутун бошли радарли тизими ҳам яратган экан ва уруш бошлангач, Эрон ўша станцияни уриб, Яқин Шарққа булутлар қайтибди!
Биринчидан, Яқин Шарқ азалдан қуруқ ерлар бўлиб келган. Араб саҳролари ястаниб ётганда Америка деган давлат режада ҳам бўлмаган. Булутлар қаердан қаерга қараб сузишини ҳам америкаликлар ҳал қилмайди. Улар ҳар қанча кучли бўлмасин, шамолнинг йўналишини белгилай оладиган қудратга эга эмас. Бўлмаса, ана, ўзларидаги торнадоларни қайтарган бўлишарди.
Энди бу фитна назариялари қаердан келиб чиқаётгани ҳақида. Эрон анчадан буён Америка ва Исроил уларга қарши махфий иқлим қуролидан фойдаланиб келганини айтади, бу ҳақда бутун бошли генераллар чиқиб гапирган. Лекин Теҳрон ҳеч қачон «Америка уларнинг булутларини ўғирлаганига» исбот тақдим этмаган.
Уруш бошлангач, Эрон нашрлари «БААдаги Американинг махфий базаси йўқ қилингани, шу сабаб мамлакатга ёмғирлар қайтгани» ҳақида ёза бошлашди. Бу гаплар юқоридаги фитна назарияларига асос бўлди.
Олимлар нима дейди?














