Ўзбекистон | 22:15 / 04.12.2020
11138
3 дақиқада ўқилади

Дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарималар миқдори икки бараварга оширилди

Етказилган моддий зарар уч баравари миқдорида қопланганида озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди.

Ўзбекистон президенти 3 декабр куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар бермоқда.

Олов билан эҳтиётсиз муносабатда бўлиш натижасида экинзорлар, ўрмонлар, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларга катта миқдорда зарар етказган ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган шикастлаш ёки йўқ қилиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача (илгари эллик бараваригача) жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўрмонлар, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларни ноқонуний кесиш оқибатида катта миқдорда зарар етказилиши – базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача (илгари – эллик бараваридан етмиш беш бараваригача) миқдорида жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Экинзорлар, ўрмонлар, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларга қасддан зиён етказиш, шикастлаш, йўқ қилиш  оқибатида йирик миқдорда зарар етказиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг юз эллик бараваридан икки юз бараваригача (илгари - етмиш беш бараваридан юз бараваригача) жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Етказилган моддий зарар уч баравари миқдорида қопланганида озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди.

Аввалроқ дарахтларни кесишга мораторий жорий этилганидан буён табиатга 9,7 млрд сўм миқдорида зарар етказилганлиги маълум қилинганди.

Мавзуга оид