Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззах вилоят ҳокимлиги Kun.uz’да эълон қилинган мақолага раддия берди
Жиззах вилояти ҳокимлиги ягона буюртмачи хизмати «Инжиниринг компанияси» Жиззах шаҳрида президент мактаби қурилиши учун «Diamond» кўп тармоқли хусусий фирмаси билан тендерсиз шартнома имзолагани ҳақида мақола эълон қилинган эди.
Мазкур мақола юзасидан Жиззах вилоят ҳокимлиги раддия берди.
Куни кеча “KunUz” сайти “Жиззахда 168 ўринли мактаб қурилиши учун тендерсиз шартнома тузилди. Лойиҳага 65 миллиард сўм ажратилган Жиззах вилояти ҳокимлиги ягона буюртмачи хизмати “Инжиниринг компанияси” Жиззах шаҳрида президент мактаби қурилиши учун “Diamond” кўп тармоқли хусусий фирмаси билан тендерсиз шартнома имзолаган. Қурилиш лойиҳасининг якуний қиймати 65 миллиард 580 миллион сўмни ташкил этди” деган маълумотни чиқарди.
Хабарда "Мазкур объект бўйича Ўзбекистон бош вазирининг 2020 йил 10 февралдаги 4-сонли йиғилиш баёнига асосан “Diamond” кўп тармоқли хусусий фирмаси бош пудратчи этиб белгиланган", — дея маълумот берилган 25 ноябрь куни тасдиқланган келишув битимида” деб айтиб ўтилган.
Юқорида келтириб ўтилган маълумотларга қуйидагиларни маълум қиламиз.Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг 1-моддаси ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳасида; "Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ давлат харидлари стратегик субъектлари амалга оширадиган давлат харидларига, ривожлантириш давлат дастурларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида назарда тутилган лойиҳаларни рўёбга чиқаришда амалга ошириладиган давлат харидлари бундан мустасно” деб келтириб ўтилган.
Энди масаланинг асосий қисмига ўтсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг 6-банди билан Президент мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича республика комиссияси ташкил этилган бўлиб, Республика комиссияга истисно тариқасида, танлов (тендер) савдоларини ташкиллаштирмасдан, энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳа ташкилотларини, президент мактабларини қуриш учун пудрат ташкилотларини белгилаш ҳуқуқи берилган.
Қарор ижросига мувофиқ, Президент мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича Комиссияси раиси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раислигида 2020 йил 12 февралдаги 01-14/1-635-(4)-сонли мажлис баёни билан 2020 йилда 5 вилоятда, жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида Президент мактаблари қуриш белгиланган.
Мазкур йиғилиш баёнининг 2-банди билан қурилиш объектларига вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжирининг компаниялари буюртмачи этиб белгиланган бўлса, 3-бандига мувофиқ истисно тариқасида Жиззах шаҳрида қуриладиган Президент мактабига “Diamond” КТХФ бош пудратчи этиб белгиланган.
Шунингдек, 3-бандининг 3-хат боши билан объектларни қуриш, жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш бўйича молиялаштириш манбаи этиб - ҳомийлик, маҳаллий ҳамда республика давлат бюджети маблағлари белгиланган.
Шунга асосан, 2020 йил Инвестиция дастури доирасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 25,0 млрд.сўм, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 20,0 млрд.сўм ажратилган.
Вилоят ҳокимининг 2020 йил 7 октябрдаги 173-ф-сонли Фармойиши билан вилоят ҳокимлигининг жамғарма маблағлари ҳисобидан 8,3 млрд.сўм, 2020 йил 24 ноябрдаги 216-ф-сонли Фармойиши билан вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 10,0 млрд.сўм маблағлар ажратилган.
Ҳар бир ажратилган лимит учун алоҳида-алоҳида келишув битими тузилади ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 22 декабрда 2850-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2016 йил 22 ноябрдаги 88-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг ғазна ижроси” Қоидаларига мувофиқ “UzASBO” дастурига киритилиб, электрон ҳужжат шаклида ғазначилик бўлинмасига юборилган.
Кўриниб турибдики, Жиззах шаҳрида Президент мактаби қурилиши учун тендерсиз энг яхши деб танлаб олинган "Diamond" кўп тармоқли хусусий фирмаси бош пудратчи этиб белгиланиши, қонунга зид бўлмаган.
Бу борада биз "KunUz" сайтни чиқараётган маълумотларини қонуний тарафларини яхшироқ ўрганиб чиқишини маслаҳат берган бўлардик.
Шунингдек, мазкур хабарда “Бундан ташқари, "Diamond" Жиззах вилояти ҳокимлигининг катта зали, ошхона ва меҳмонхона мажмуасини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш билан шуғулланади. Вилоят ҳокимининг 25 ноябрдаги 30-сонли қарори билан тасдиқланган тендер комиссияси қарори билан қарийб 31 миллиард сўмлик иш "Diamond" кўп тармоқли хусусий фирмасига насиб этган” деган маълумот ҳам келтириб ўтилган.
Мазкур хабар юзасидан шуни маълум қиламизки Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 30-31 март кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёнининг 34-бандида Жиззах вилояти ҳокимлигининг катта мажлислар зали, ошхона биноларини қайта таъмирлаш ва тўлиқ жиҳозлаш ҳамда вилоят ҳокимлигига қарашли “Меҳмонхона” мажмуасини қайта таъмирлаш ва тўлиқ жиҳозлашни 2019 йил бюджет параметрлари ҳисобидан амалга оширилишини таъминлаш вазифаси топширилган.
Шунга асосан, объектнинг ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига биноан бошланғич қиймати 28,4 млрд сўмни ташкил қилиб, Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида” Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда DXARID.UZ электрон порталига 2020 йил 9 июнь куни эълон жойлаштирилган (ЛОТ №7022345), дейилади вилоят ҳокимлиги раддиясида.
Таҳририятдан
Таъкидлаш лозимки, Вилоят ҳокимлиги раддиясида сайтда эълон қилинган мақоладаги бирорта факт рад этилмаган ва Kun.uz айнан қурилиш фирмасининг фаолиятига қай тарзда тўсқинлик қилаётгани келтирилмаган. Мақолада Жиззах шаҳрида Президент мактабини қураётган “Diamond” КТХФ бирор ноқонуний хатти-ҳаракатда айбланмаган. Мақоладаги маълумотлар очиқ манбалардан олиниб, факт сифатида келтирилган, холос.
Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Kun.uz мақоласида келтирилган фактларга тушунтириш берган. Шу боис ўз материалини раддия эмас, муносабат деб атаса тўғрироқ бўлар эди.
Раддиянинг “Kun.uz” сайти Жиззахда қонуний тартибда фаолият юритаётган қурилиш фирмаси фаолиятига тўсқинлик қилмоқда” номли сарлавҳаси эса мустақил оммавий ахборот воситасига нисбатан туҳматдир.
Мавзуга оид
08:47 / 16.05.2026
Кореяга ишчи визаси олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди
09:44 / 19.04.2026
Жиззах вилоятида автобус ЙТҲга учради
16:30 / 30.03.2026
Жиззахда симёғоч қулаши оқибатида уч қорамол нобуд бўлди
08:53 / 18.03.2026