Ўзбекистонда чақалоқ савдосининг 3 та асосий сабаби маълум қилинди
Ўзбекистонда сўнгги уч йилда жами 114 нафар бола чақалоқ савдосидан жабрланган. Уларнинг деярли 90 фоизи – 1 ёшгача бўлган болалардир.
2017–2020 йиллардаги ҳолатлар таҳлилига кўра, ўз чақалоғини сотган аёлларнинг 31 фоизи бу ишга оғир ижтимоий-иқтисодий вазият туфайли, 17 фоизи ҳомилани яширишга ҳаракат қилгани учун, 52 фоизи эса моддий манфаат топиш йўлида қўл урган.
Бу ҳақда Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Йиғилишни олиб борган комиссия раиси Танзила Норбоеванинг қайд этишича, Ўзбекистонда одам савдоси жиноятлари охирги 5 йилда 6 бараварга камайган, лекин унинг таркибида чақалоқ ва болалар савдоси салмоғи ҳар йили сурункали равишда ошиб бормоқда.
«Дунё бўйича одам савдоси қурбонларининг 30 фоизи болалар ҳисобланади. Ўзбекистонда эса 2018 йилда одам савдоси жиноятлари ичида чақалоқ савдосининг улуши 28 фоизни, 2019 йилда 44 фоизни ташкил этган.
Сўнгги уч йилда чақалоқ савдосидан жами 114 нафар бола жабрланиб, уларнинг асосий қисми, яъни 89 фоизи 1 ёшгача бўлган болалар ҳисобланади.
Чақалоқ сотиб олувчи шахслар билан ўтказилган суҳбат натижаларига кўра, улар бу ишга фарзанди бўлмагани, оиласини сақлаб қолиш чораси сифатида қўл уради ҳамда бола ўз ақлини таниб олмасдан, кичиклигида асраб олишим керак, деган важни келтиришади», – деди Танзила Норбоева 4 декабр куни бўлиб ўтган йиғилишда.
Билдирилишича, чақалоқ савдосида иштирок этганларнинг жиноий жавобгарликка тортилмаслиги бу жиноятнинг кўпайиб боришига замин яратмоқда.
Хусусан, фарзандини сотган ота-оналарнинг 38,8 фоизига, воситачиларнинг 5,2 фоизига қамоқ чораси қўлланилган. Қолганларга эса синов муддати, ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш чоралари билан чекланилган.
Комиссия раиси чақалоқ савдосида тиббиёт ходимлари ҳам иштирок этаётганини айтиб, 2019 йилда бу жиноятларнинг 12,2 фоизи уларнинг воситачилигида амалга оширилганини маълум қилди.
«Туғуруқхоналарда чақалоқ савдосини амалга ошириш мақсадида аёлларнинг ҳомиладорлигини яшириш, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш, фарзандини ўлди деб сохталаштириш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам аниқланмоқда.
Яна бир жиҳатга диққатингизни қаратмоқчиман. Янги туғилган чақалоғини сотмоқчи бўлган аёлларнинг 75 фоизи оилавий, ҳудудий поликлиника рўйхатидан ўтмагани аниқланган.
Бу жиноятнинг кўпайиб боришига нималар сабаб бўляпти? Чақалоқ савдосига қарши кураш борасида давлат органларининг ҳамкорлиги бўйича яхлит тизим йўқ. Фертил (туғуруқ) ёшидаги аёлларни ҳисобга олиш, ҳомиладорликнинг эрта босқичидан туғуруққача автоматлаштирилган тизим йўлга қўйилмаган.
Ҳомиладор аёллар тиббий кўригини ташкил этиш борасида патронаж ва умумий амалиёт шифокорларининг маҳалла, профилактика инспекторлари билан ҳамкорлиги самарали эмас. Шунингдек, аҳоли болани қонуний асраб олиш бўйича тўлиқ маълумотга эга эмас», – деди Норбоева.
Мавзуга оид
16:12 / 22.11.2024
Танзила Норбоева Россияда МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида иштирок этди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
13:10 / 17.11.2024
Ўзбекистон парламенти аъзолари Бокуда ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияда иштирок этди
22:55 / 16.11.2024