Жаҳон | 12:42 / 07.12.2020
2462
2 дақиқада ўқилади

Рим папаси мартда Ироққа ташриф буюради

2021 йилнинг март ойида Рим папасининг Ироққа ташрифи режалаштирилмоқда. Бу ҳақда CNN Ватикан матбуот хизматига таяниб хабар берган.

Фото: CNN

Папанинг Ироққа ташрифи пандемия бошланганидан буён илк хориж сафари бўлади. Понтифик Иброҳим пайғамбар хотираси билан боғлиқ Бағдод ва Арбил шаҳарлари, шунингдек, насронийлар учун қадрли, аммо уруш туфайли хароб ҳолга келган Нинва текисликларидаги Мўсул ва Қорақош шаҳарларига ҳам бориши кўзда тутиляпти. Ироққа ташриф келаси йилнинг 5-8 март кунлари бўлади.

«Ташриф дастури жаҳондаги пандемик ҳолат ривожини ҳисобга олган ҳолда бўлади», деган Ватикан матбуот хизмати.

Ироқ ташқи ишлар вазири Рим папасининг ташрифи «тарихий воқеа бўлиб, Ироқнинг барча соҳалари учун ўзига хос қўллаб-қувватлаш бўлади», дея баёнот берган.

«Шунингдек, папанинг келиши, нафақат Ироқ, балки бутун ҳудуд учун тинчлик рамзи бўлиб, инсониятнинг экстремизм ва зиддиятларга қарши бирдамлигини акс эттиради ҳамда бағрикенглик ва турфа хилликни тарғиб қилади», дейилган вазирлик баёнотида.

Маълумот учун, Ироқ аҳолисининг 1 фоизга яқини насронийликнинг турли мазҳабларига эътиқод қилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид