Ўзбекистон | 08:47 / 10.12.2020
3407
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қўғирчоқ театрлари сони кўпаяди

Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада айрим давлат театрлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, қарорда қуйидагилар белгиланган:

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида «Қўғирчоқ ясаш технологияси» ихтисослиги бўйича таълим йўналишини очиш, шунингдек қўғирчоқ театри режиссёрлиги, актёрлиги ва драматургия йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлимларни ташкил қилиш;

К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «Қўғирчоқ театри рассоми» ихтисослиги бўйича таълим йўналишини очиш;

Навоий, Тошкент, Наманган ва Сирдарё вилоятларида қўғирчоқ театрлари ва мусиқали драма театрлари фаолиятини ташкил этиш.
 
Театрлар биноларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун талаб этиладиган маблағлар 2021 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурининг Маданият вазирлиги учун ажратилган лимитлар доирасида марказлаштирилган капитал қўйилма маблағларини қайта тақсимлаш ҳисобидан йўналтирилади.
 
2 ой муддатда давлат театрлари биноларини қуриш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш бўйича лойиҳалар 2021–2023 йилларга мўлжалланган мамлакатимизнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилади.
 
Молия вазирлиги томонидан давлат театрларининг фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағлар ушбу театрлар биноларини қуриш ишлари якунланганидан сўнг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилиши назарда тутилади.
 
Ҳужжат 1.12.2020 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид