20:26 / 12.12.2020
22774

Арманистон Тоғли Қорабоғда яна ҳужум ҳаракатлари бошланганини маълум қилди

9 ноябрда Россия, Арманистон ва Озарбойжон ўртасида келишув имзоланган ва Тоғли Қорабоғда ўт очиш тўхтатилганди. 

Фото: РИА Новости

Озарбойжон қуролли кучлари Тоғли Қорабоғ жанубидаги Хин Таглар ва Хцаберд қишлоқлари йўналишида ҳужум бошлади, деб хабар бермоқда Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

“12 декабр куни Озарбойжон томони Арцах республикасининг (тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси) Хин Таглар ва Хцаберд аҳоли масканлари йўналишида ҳужум ҳаракатларини бошлади. Мудофаа армияси тегишли ҳаракатларни амалга оширмоқда”, — дейилади хабарда.

27 сентябр куни тонгда Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбойжон ўртасида ҳарбий тўқнашувлар авж олганди. Бу уруш ҳар икки мамлакат ўртасида узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган ўзаро қарама-қаршиликнинг энг жиддийси бўлди.

 9 ноябрда Россия воситачилигида уч томонлама (Россия, Арманистон ва Озарбойжон ўртасида) келишув имзоланди ва уруш тўхтади.

 Келишувни Озарбойжон ғолиб бўлганининг исботи сифатида қабул қилди ва 10 ноябр мамлакатда ғалаба куни сифатида нишонланадиган бўлди. Арманистон учун эса келишув мағлубият сифатида баҳоланди.

Top