19:52 / 13.12.2020
4083

«Боруссия» Люсьен Фаврни истеъфога чиқарди

Дортмунднинг «Боруссия» клуби бош мураббийи Люсьен Фавр ўз лавозимини тарк этди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берган.

Бундеслига 11-тури доирасида Дортмунд клуби ўз майдонида «Штутгарт»га қарши ўйинда 1:5 ҳисобида мағлубиятга учрагач, швейцариялик мутахассис бош мураббийликдан истеъфога чиқарилган. Мутахассис ўйиндан кейин ушбу мағлубиятни «инқироз» деб изоҳлаганди.

Клуб расмий сайтида эълон қилинишича, шу кунгача «Боруссия» бош мураббийи ёрдамчиси сифатида ишлаб келган Эдин Терзич жорий мавсум якунига қадар бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритади. Бунгача клуб ёшлар мураббийи сифатида ишлаган Себастьян Геппет ва Отто Адо Терзичга ёрдам беришади.

Маълумот учун, Дортмунд клуби Бундеслига 11-туридан кейин 19 очко жамғарган ҳолда 5-ўринда бормоқда. Жамоа лигада кетма-кет уч ўйинда ғалаба қозона олмаяпти – 2 мағлубият ва 1 дуранг. Клуб ЕЧЛда гуруҳда 1-ўринни қўлга киритиб, плей-офф босқичига йўлланма олган.

Top