Бундеслига. 24-тур.

6 март (шанба)

БАВАРИЯ – БОРУССИЯ ДОРТМУНД

Ўйин бошланиш вақти: 22:30

ТВ-трансляция: SportTV

Ҳозир турнир жадвали ва тўпланган очколар нуқтайи назаридан қараганда, орадаги фарқ катта бўлса-да, бу ўйин барибир Бундеслигада энг марказий ўйин бўлиб қолаверади. Биринчидан, дортмундликлар ўз таркибидаги юлдуз футболчилари билан «Бавария»га яқин кела олишади, иккинчидан, айнан шу икки клуб Чемпионлар Лигасида ҳам Германия шарафини муносиб ҳимоя қилиб, кейинги босқичга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилишган. Дортмунддаги биринчи давра учрашуви ҳам жуда шиддатли ва қизиқарли ўтган ва унда меҳмонлар 3:2 ҳисобида иродали ғалаба қозонгандилар.

Бундан ташқари, дортмундликлар бир қатор муваффақиятсиз ўйинлардан сўнг, қаторасига тўрт ғалабага эришишди – Германия кубоги ярим финал йўлланмаси билан биргаликда, Бундеслигада яна ЕЧЛ йўлланмаси учун курашга қайтишди. Иккинчи мақсад жуда муҳим, зеро агар «Боруссия» бу мавсумда нуфузли еврокубокдан қуруқ қолса, Санчо, Ҳоланд, Рейна каби бир қатор юлдуз футболчиларни таркибда олиб қолиш янада қийинлашиб кетади. Шундоғам Европа грандлари ушбу футболчилар учун навбатда туришибди.  

«Бавария» эса «Арминия» ва «Айнтрахт»га қарши омадсиз ўйинлардан сўнг, турнир жадвалидаги қулай позицияни бой берди. Энди «Лейпциг» билан атиги 2 очко ажратиб турибди холос. «Редбулчилар» қаторасига беш ўйиндан бери Бундеслигада ғалаба қозонаётгани ва навбатдаги рақиб ўртамиёна «Фрайбург» эканини эътиборга олсак, мюнхенликларнинг хато қилишга ҳақлари йўқ. Миллий жамоалар билан боғлиқ танаффус ўтгач, икки пешқадам «Лейпциг» майдонида ўзаро куч синашади. Ўша ўйингача вазиятни назоратда ушлаб туриб айни дамда «Бавария»дан хатосиз ўйинларни талаб қилади.  

Жамоалар таркибида ўйин мувозанатига катта таъсир ўтказиши мумкин бўлган жароҳатлар кўп. Барча юлдузлар ўз ўрнида. Фақат дортмундликларни уч кун ўтиб, ЕЧЛда «Севилья»га қарши муҳим ўйин кутиб турганини унутмаслик керак. «Бавария» эса «Лацио» билан ўйинини 18 мартда ўтказади.  

А Серия. 26-тур.

6 март (шанба)

ЮВЕНТУС – ЛАЦИО

Ўйин бошланиш вақти: 00:45

ТВ-трансляция: UzReportTV

«Ювентус» пешқадам «Интер»дан 10 очко орқада қолиб кетди. Тўғри, туринликларда бир ўйин захираси бор, аммо бу учрашув ҳам «Наполи»га қарши ўтишини инобатга олсак, ҳали уч очкони олиш ҳам керак. Бунинг устига чемпион бўлиш сирини жуда яхши биладиган Конте «Ювентус» ўрганиб қолган режимга тушиб олди – охирги 9 ўйинда 8 ғалаба. Мавсумнинг охирги қисмини мана бундай формада ўтказиш, бунинг устига еврокубоклар ҳам халақит бермаслиги «Интер» рақиблари имкониятини кескин пасайтириб юборади. Бундай шартлар асосида «Ювентус» очко йўқотишга умуман ҳаққи йўқ.