Ўзбекистон | 09:38 / 15.12.2020
3133
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти бўйича қарор қабул қилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. 

Фото: Depositphotos

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг тиббий-ижтимоий экспертиза тизими тузилмасида ногиронлиги бўлган болалар сони ва ҳудудларнинг масофасини ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида иккитадан педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида биттадан педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ҳамда Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм ва Наманган вилоятларида биттадан туманлараро тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилиниши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазири белгиланган тартибда:

  • Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати тизимининг врачлари ва тиббиёт ҳамшираларини Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, олий тиббиёт таълим муассасалари, шунингдек Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази ва унинг минтақалардаги филиаллари базасида бепул асосда ҳар беш йилда камида бир марта, мунтазам равишда малакасини ошириш ҳамда “Врачлик-ижтимоий экспертизаси” бўйича бирламчи ихтисослаштириш курсларидан ўтишини ташкиллаштиради;
  • 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тиббий-ижтимоий экспертиза, реабилитология, тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация, эрготерапия мутахассисларини тайёрлашдаги магистратура, клиник ординатура, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларини халқаро таълим стандартлари асосида такомиллаштириш чораларини кўради;
  • Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда халқаро тажрибаларни ўрганиш ва олиб борилган илмий-тадқиқотлар асосида 2022 йил 1 январгача бўлган муддатда ногиронлик белгилашнинг халқаро мезонларига босқичма-босқич ижтимоий моделига ўтиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларини белгиланган талабларга жавоб берадиган, фуқароларнинг бориши учун қулай бўлган бинолар ва хоналарда жойлаштириш чораларини кўради.

Белгиланишича:

  • 18 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади;
  • давлат тиббиёт муассасалари тиббий-маслаҳат комиссияларининг 16 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш юзасидан хулоса бериш функцияси бекор қилинади, бошқа функция ва вазифалари сақлаб қолинади.

Қарор қабул қилингунча тайёрланган Ногиронлик тўғрисидаги эски намунадаги маълумотномалар бланкалари тугагунгача ишлатилади ва расмийлаштирилиб берилган эски намунадаги Ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурлари ногиронлиги бўлган шахсларни навбатдаги қайта кўрикдан ўтказгунча ёки уларда кўрсатилган реабилитация тадбирларини амалга ошириш (агар ногиронлик муддатсиз белгиланган бўлса) тугагунча ҳақиқий ҳисобланади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ногиронлик белгиланган шахсларга ногиронликнинг гуруҳи, сабаби, муддати, касбий меҳнат лаёқати йўқотилиши даражаси тўғрисида ҳамда ногиронлик муддати тугаётганлиги сабабли қайта кўрикка келиши тўғрисида бир ой олдин муддатда хабардор қилувчи бепул SMS хабари юбориш бўйича интерактив хизматлар кўрсатиш тизимини жорий этади.

2021 йил 1 июлга қадар Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг таклифи асосида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобига 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни ва ундан юқори ёшдаги ногиронлиги бўлган шахсларни электрон маълумотларини ўзида жамлайдиган («ТИЭК») электрон дастурий комплексининг янги талқини ишлаб чиқилишини таъминлайди.

18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларга ва 18 ёшдан юқори ёшдаги ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлиги тўғрисидаги маълумотномани электрон шаклда юритилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид