15:21 / 15.12.2020
6536

Нигерда террорчилар 800та уйга ўт қўйиб, 30га яқин кишини ўлдирди

Диффа губернатори Исса Леминенинг сўзларига кўра, ҳужумни Боко ҳарам жангарилари амалга оширган. Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Фото: dw.com

Нигер жануби-шарқидаги Диффа регионида жойлашган Тумур қишлоғига Боко ҳарам экстремистик гуруҳи аъзолари ҳужум қилиб, 800та уйга ўт қўйди ва 28 нафар тинч аҳоли вакилини ўлдирди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

"Ўн киши отиб ўлдирилган, 14 киши ёнғин оқибатида ҳалок бўлди, тўрт киши чўкиб кетган ва 100га яқин инсон яраланди", - деди ҳукумат расмий вакили Абдураҳмон Закариё.

Диффа губернатори Исса Леминенинг сўзларига кўра, ҳужумни Боко ҳарам жангарилари амалга оширган.

Agence France-Presse агентлигининг хабар қилишича, террорчилар уч дақиқалик видеолавҳасида ушбу жиноят учун жавобгарликни ўз зиммаларига олишган.

Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Боко ҳарам 2002 йилда ташкил топган. Унинг аъзолари Чад ҳавзаси атрофидаги аҳоли ва ҳарбий объектларга тез-тез ҳужум уюштириб туришади.

Top