Ўзбекистон | 15:56 / 15.12.2020
5039
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири АҚШ элчисини қабул қилди

Соғлиқни сақлаш вазири Aбдуҳаким Ҳожибоев AҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюмни қабул қилди. Вазирлик матбуот хизмати хабар қилишича, учрашувдан мақсад соғлиқни сақлаш соҳасидаги келгуси ҳамкорлик сифатини ошириш масалаларини муҳокама қилиш бўлди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Мулоқот давомида элчи мамлакатимизда Covid-19 билан курашиш борасида оператив ва ўз вақтида самарали чоралар кўриш ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича олиб борилаётган улкан ишларни қайд этиб ўтди. 

Д. Розенблюм пандемия пайтида ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг қаҳрамонларча тинимсиз олиб борган меҳнати таҳсинган лойиқ эканини айтди.

Ўз навбатида, вазир ушбу ишни амалга оширишда кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди. A. Ҳожибоев AҚШ нафақат моддий ва гуманитар, балки консультатив ёрдам ҳам кўрсатганини таъкидлади.

Коронавирусга чалинган беморларни даволаш соҳасида маълумот алмашиш мақсадида икки мамлакат мутахассислари иштирокида қатор видеоконференциялар ташкил этилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Тадбирда, шунингдек, AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани хусусида ҳам гап борган. Жумладан, жорий йилнинг март ойида умумий қиймати 15 миллион доллардан ортиқ бўлган силга қарши курашиш бўйича тўртта янги лойиҳа ишга туширилгани, лойиҳа даврида дори-дармонларга чидамли сил касаллиги билан хасталанган беморларга ёрдам бериш ва сил касаллигига қарши курашиш учун янги дорилар ва диагностика технологиялари жорий этилиши таъкидланган. 

Бундан ташқари, океанорти мамлакати Covid-19’га қарши кураш учун 9 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратди. Бу техник кўмак, лаборатория ускуналари ва тест тизимлари, шунингдек, мамлакат бўйлаб шифохоналарда ўрнатилган 200та сунъий нафас бериш аппаратларини ўз ичига олади.

Шунингдек, Ўзбекистон AҚШ билан фармацевтика соҳасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, ҳозирги пайтда мамлакатимизда АҚШнинг 10дан ортиқ ишлаб чиқарувчиларнинг 46 турдаги дори воситаси, 39та ишлаб чиқарувчиларнинг 108 турдаги тиббий асбоб-ускуналари, 30дан ортиқ ишлаб чиқарувчиларнинг 79 номдаги тиббий буюмлари рўйхатдан ўтган. 

Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида йод-бром маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш учун «GRP International» компанияси томонидан «Asian Pharmaceutical Industrial Group KRG» қўшма корхонаси ташкил этилди. 

«Мулоқот давомида томонлар замонавий тиббий асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш, юқори тиббий технологияларни қўллаш орқали аҳолига ихтисослашган тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасида янги иш ўринларини яратишга қаратилган тиббиёт соҳасида янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олдилар. Шунингдек, мутахассислар орасида ўзаро тажриба алмашиш, AҚШнинг етакчи клиникаларида нафақат давлат тиббиёт муассасалари ходимлари, балки хусусий сектор вакиллари учун стажировка ўташни ташкил этиш тўғрисида ҳам қатор  келишувларга эришилди», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид