Ўзбекистон | 20:48 / 16.05.2022
41298
4 дақиқада ўқилади

АҚШ элчиси — Ўзбекистонда эркакларнинг соқоли ИИБда олиб ташлангани ҳақида

“Бу борадаги ҳаракатлардан Америка хурсанд эмас. Мен сўзларимни дўст сифатида айтяпман. Тўғри, мамлакатда 2016 йилдан бери кўп ислоҳотлар қилинди. Лекин баъзи нарсалар орқага кетаётгандек туюлмоқда. Биз янада инклюзив жамият сари интилишимиз керак”, – деди Дэниел Розенблюм Тошкентда диний бағрикенгликка бағишлаб ўтказилаётган форумда.

Фото: Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Дэниел Розенблюм 16 май куни Тошкентда ўтган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумида Ўзбекистондаги диний эркинлик ҳолати ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар бермоқда.

Розенблюм форум очилишидаги нутқида Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш бўйича ижобий ўзгаришлар билан бирга, айрим муаммолар ҳам борлигини айтган.

“Албатта, АҚШда ҳам динлараро муносабатларни тартибга солишда камчиликлар бор. Аммо ҳозир Ўзбекистондаги вазият бўйича тўхталиб ўтмоқчиман. Мамлакатда сўнгги 5 йилда диний соҳада кўп ислоҳотлар қилинди. Уларни эътироф этиш керак. Мисол учун, республиканинг махсус диний чекловлар мавжуд давлатлар халқаро рўйхатидан олиб ташлангани катта натижалардан бири. Кўплаб диний ва сиёсий маҳбуслар озод қилингани, кичик диний гуруҳларга рейдлар олиб бориш тўхтатилгани яхши кўрсаткич. АҚШ бу ишларни қўллаб-қувватлайди.

Бироқ Ўзбекистонда эски даврларни акс эттирувчи муаммолар ҳам борлиги одамни ташвишга солади. Масалан, фуқароларни экстремистик материаллар сақлагани учун қамаш масаласи. Яқинда блогер Фозилхўжа Орифхўжаев шундай айблов билан 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Инсонларда ўз динларига эркин риоя қилиш имконияти бўлиши керак.

Яна бир муаммо – диний ташкилотни рўйхатга олишда тўсиқлар мавжудлиги ва жараён ўта мураккаблиги. Бу халқаро қонунларга зид келади.

Шунингдек, полиция томонидан соқол қўйганлар соқолини мажбурлаб олиб ташланиши муаммоси. Бу борадаги ҳаракатлардан Америка хурсанд эмас. Мен сўзларимни дўст сифатида айтяпман. Тўғри, мамлакатда 2016 йилдан бери кўп ислоҳотлар қилинди. Лекин баъзи нарсалар орқага кетаётгандек туюлмоқда. Биз янада инклюзив жамият сари интилишимиз керак”, – деган АҚШ элчиси.

Эслатиб ўтамиз, май ойи бошида Тошкентда ўнлаб эркаклар ИИБ биносига олиб келиниб, уларнинг соқоли олинди. Ички ишлар вазирлиги Kun.uz саволига жавобан буни “жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида ўтказиладиган тезкор-профилактик тадбирлар” деб атади ва уларни “диний эътиқод билан боғлаш мутлақо нотўғри” эканини уқтирди. Вазирлик, шунингдек, фуқаро ҳуқуқи поймол этилган деб ҳисобласа, тегишли жойга шикоят қилиши мумкинлигини билдирди.

“Декларациялар мулоқоти”

16-20 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида Шимолий Америка, Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Африканинг турли диний конфессиялари вакиллари, таниқли уламолар, диншунос олимлар ва ҳуқуқшунослар иштирокида “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми ўтказилмоқда.

Ташкилотчилар – Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШнинг Глобал жалб қилиш институти, Дин ишлари бўйича қўмита ва бошқалар.

Анжуман доирасида турли мамлакатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб туришнинг муҳим шарти сифатида динлар ва маданиятлар ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажриба намойиш этилади.

Бугун “Маданиятлараро диний саводхонлик ва глобал хавфсизлик”, “Дин ва қонун устуворлиги”, “Конфессиялараро муносабатларни ривожлантириш” мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди.

I семинарда АҚШ Глобал ҳамкорлик институти президенти Крис Сайпл “Маданиятлараро диний таълим ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг асосий омили сифатида” номли тақдимотини намойиш қилди.

“Конфессиялараро бағрикенгликнинг ғоявий асоси плюрализм ва хилма-хилликнинг қадри, аҳамиятини эътироф этишдан иборат”, – деди, жумладан, Сайпл ўз чиқишида.

АҚШ жаҳон институти илмий ходими Нокс Темз семинар чоғида “Диний озчилик ва кўпчиликнинг маданиятлараро диний саводхонлиги динамикаси” мавзусида маъруза ўқиди.

II ва III семинарларда Рената Уитц, Имом Муҳаммад Мажид, Пастор Боб Робертс сингари хорижий экспертлар турли мавзулар доирасида иштирокчилар билан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.

Мавзуга оид