Ўзбекистон | 02:15 / 15.12.2020
11740
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева никоҳ шартномасини фаолроқ тарғиб қилишга чақирди

Фото: iStock

14 декабр куни Тошкентда «Ўзбекистон тараққиётида парламентдаги аёллар роли» мавзусида форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Форумда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати раиси Tанзила Норбоева аёллар ҳуқуқларини таъминлаш учун никоҳ шартномасини оммалаштириш зарурати ҳақида гапирди.

“Ўтган ҳафта Адлия вазирлигида оила қонунчилигини такомиллаштириш бўйича йиғилиш ўтказдик. Ажрашишлар сони кўпайиб бормоқда ва ажрашганидан сўнг аёл ҳеч нарсасиз кўчада қолмоқда. Ота-онаси яхши бўлсагина уй ёки иш билан таъминланмоқда. Лекин у ота-онасининг уйида икки нафар боласи билан алоҳида оила сифатида эркин яшай олмаяпти.

Давлат раҳбари ҳам бу борада таклиф беришимизни кутмоқдалар. Шу сабабли биз мутахассислар ва депутат аёллар билан адлияда бу мавзуни муҳокама қилдик. Кўпчилик никоҳ шартномасини мажбурий қилиш кераклигини айтмоқда. Лекин никоҳ шартномаси бутун дунёда, шунингдек, бизнинг қонунчиликда ҳам ихтиёрий экан, биз нега никоҳ шартномасини кенг тарғиб қилмаяпмиз?

Биз ҳимоя ордерини ҳам илк бор таъсис қилганимизда ҳеч ким олмаса керак, бизнинг ўзбек аёллари буни уят деб ўйласа керак, деб тахмин қилган эдик. Лекин ҳозирги маълумотларга кўра, 8 мингдан ортиқ аёл ҳимоя ордерини олишибди. Худди шунингдек, никоҳ шартномасини ҳам тарғиб қиладиган бўлсак, бемалол ёш оилалар тўйдан олдин никоҳ шартномасини олишга эришишади.

Бу ишда ўзимиз шахсий намуна бўлишимиз керак. Чунки ёшлар раҳбарларга қараб ўрнак олади”, – дея таклиф билдирди Сенат раҳбари.

Маълумот учун, Оила кодексининг 29-моддасига кўра, никоҳ шартномаси – эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) улар никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишувидир.

  • Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. У ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
  • Эр ва хотин никоҳ шартномасига кўра биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақли.
  • Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин.

Мавзуга оид