21:58 / 16.12.2020
7547

Самарқандда яна бир ер остидан ўтиш йўли қурилмоқда

Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчаси октябр ойидан буён ёпилган. Аввал кўчанинг бир томони ёпилди, кейин унинг ҳам ярми очилиб, шаҳардаги энг катта кўчанинг бошқа қисми ёпилди. 4 ойдан буён бу йўл ёпиқлиги самарқандлик ҳайдовчиларга қийинчилик туғдирмоқда. Бу йўл ёпиқлиги қолган йўлларда ҳам тирбандликлар юзага келтирмоқда.

Маълум бўлишича, Мирзо Улуғбек кўчасининг «Динамо» стадиони олдидан ўтувчи қисмида ер остидан ўтиш йўли қурилмоқда. Йўл кейинги йил биринчи чоракда қуриб битказилиши кутилмоқда.

Kun.uz мухбирининг аниқлашича, қурилиш лойиҳаси «Зарафшон лойиҳа» корхонасига тегишли. Қурилиш ишларини «Самарқанд махсус сув дренаж» корхонаси амалга оширмоқда. Буюртмачи – «Самарқанд сув қурилиш инвест» ДУК.

Маълум бўлишича, Мирзо Улуғбек кўчасидаги янги ер остидан ўтиш йўли атрофидаги уйларни канализация носозлиги сабаб кўп марта сув босган. Айнан шу муаммо сабаб бир марта ёмғир ёғиб, «Динамо» стадионини ҳам сув босган эди. Қурилишдан кўзланган асосий мақсад айнан канализация қувурларини янгилаш бўлган. Атрофдаги 1,6 минг метр канализация қувурлари янгиланган. Қазиш ишлари вақтида эса ер остидан ўтиш йўли қуришга қарор қилинган.

Канализация қувурларини алмаштириш ва ер остидан ўтиш йўли қуришга 2,6 миллиард сўм сарфланиши кутилмоқда. Маълумот учун, олдинроқ Самарқандда 16 йил аввал кўмиб ташланган бошқа бир ер остидан ўтиш йўли очилиб, реконструкция ишлари бошланган эди.

Top