09:08 / 17.12.2020
6584

Андижонда ўғлини 5200 долларга сотмоқчи бўлган аёл ушланди

2020 йилнинг 12 декабр куни Андижон вилояти ИИБ ҳамда ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Фото: Тергов департаменти

Тадбир давомида Жалақудуқ тумани Туялас МФЙда яшовчи 20 ёшли Д.К. ўзининг 2020 йил 15 август куни туғилган ўғлини Бозорбоши МФЙ кўчасида жойлашган “Гап” кафесида харидор сифатида жалб қилинган фуқарога кимёвий ишлов берилган 5200 АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тезкор тадбир давомида Д.К.дан кимёвий ишлов берилган 5200 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари ашёвий далил сифатида холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Д.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва у гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, сўроқ қилинган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов олиб борилмоқда.

Top