Ўзбекистон | 14:40 / 17.12.2020
14831
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантларнинг вақтинчалик бўлиш муддати узайтирилди

Янги коронавирус инфекцияси пандемияси билан боғлиқ вазият туфайли Россияда мигрантларнинг вақтинча бўлиш муддати 2021 йил 15 июнгача узайтирилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар бермоқда.

Фото: РИА Новости

Қайд этилишича, Россия президенти Владимир Путиннинг тегишли фармони ҳуқуқий маълумотларнинг расмий интернет порталида эълон қилинди.

«Россия Федерацияси президентининг 2020 йил 18 апрелдаги 274-сонли «Россия Федерациясидаги хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатини янги коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши хавфи муносабати билан тартибга солиш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига қуйидаги ўзгаришлар киритилсин: а) 1-банднинг биринчи хатбошидаги «2020 йил 15 декабргача» деган сўзлар «2021 йил 15 июнга қадар» деган сўзлар билан алмаштирилсин», - дейилади ҳужжатда.

Аввалроқ, Россияда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига 15 декабргача имтиёзлар берилиши хабар қилинганди. 

Россия ҳудудида нолегал бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари рўйхатдан ўтиш ва рухсат берувчи бошқа ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугашидан (15 мартгача ёки ундан кейин) қатъи назар яшаш манзили бўйича Россия Федерацияси ИИВ органларига мурожаат қилиб, 2020 йилнинг 15 декабрига қадар мамлакатда бўлишни қонунийлаштириши мумкин.

Фуқароларга нисбатан маъмурий чиқариб юбориш, депортация қилиш, илгари берилган вақтинчалик яшаш учун рухсатнома, яшаш учун рухсатнома, ишлаш учун рухсатнома ва патентни бекор қилиш, шунингдек Россияга киришни тақиқлаш каби чоралар қўлланилмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид