Ўзбекистон | 08:33 / 18.12.2020
9839
2 дақиқада ўқилади

Газ экспорти 78 фоизга камайди

2020 йилнинг 9 ойида товарлар бўйича ташқи савдо айланмаси (олтин ва тузатишларни ҳисобга олган ҳолда) 24,3 млрд. долларни ташкил этди (2019 йилнинг 9 ойида 26,2 млрд. доллар).

Марказий банк шарҳида айтилишича, шундан экспорт ҳажми 10,8 млрд. доллар ва импорт ҳажми 13,6 млрд. долларга тенг. Шу муносабат билан, савдо балансининг дефицити 2,8 млрд. долларни ташкил этди. 

Товарлар экспорти ҳажми 2019 йилнинг 9 ойига нисбатан ўзгаришсиз қолган. Олтин ва газнинг экспортдаги улуши мос равишда 54 фоизни ҳамда 3 фоизни ташкил қилди. Шунингдек, энергия ташувчи маҳсулотлар жаҳон нархларининг кескин тушиши ва асосий истеъмолчилар томонидан уларга бўлган талабнинг пасайиши оқибатида газ экспорти ҳажмида 2019 йилнинг 9 ойига нисбатан 78 фоизга камайиш кузатилди. 

2020 йилнинг 9 ойида товарлар экспортининг ҳажми (олтин экспортини ва тузатишларни ҳисобга олмаган ҳолда) 24 фоизга камайди (2019 йилнинг 9 ойида ўсиш 17 фоизни ташкил қилган).

Экспортнинг асосий қисми қимматбаҳо металлар ва тошлар (5,9 млрд. доллар, 2019 йилнинг 9 ойида 4,1 млрд. доллар), тўқимачилик маҳсулотлари (1,5 млрд. доллар, 2019 йилнинг 9 ойида 1,5 млрд. доллар), келиб чиқиши ўсимлик бўлган маҳсулотлар (850,1 млн. доллар, 2019 йилнинг 9 ойида 1,0 млрд. доллар), қимматбаҳо бўлмаган металлар ва улардан буюмларни (773,9 млн. доллар, 2019 йилнинг 9 ойида 827,9 млн. доллар) ташкил қилган.

Хомашё товарлари (олтин ва табиий газ) улуши шу йил 9 ойида жами экспорт ҳажмининг 57 фоизини ташкил қилди, шундан 54 фоизи олтин ва 3 фоизи табиий газга тўғри келади. Бунда табиий газ экспортининг умумий ҳажмидан 94 фоиз Хитой, 5 фоиз Тожикистон ва 1 фоиз Қирғизистонга тўғри келади.

Мавзуга оид