Жаҳон | 21:43 / 18.12.2020
4881
2 дақиқада ўқилади

ОАВ Эрон янги ядро объекти қураётганини маълум қилди 

Эрон Қум шаҳри яқинидаги уранни бойитиш заводи Фордо яқинида ерости ядро объекти қуришни бошлади. Бу ҳақда сунъий йўлдошлардан олинган суратларга таяниб Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.  

Фото: Getty Images

Таъкидланишича, қурилиш 2020 йилнинг сентябр ойида бошланган. Янги объект нимага мўлжаллангани ҳозирча номаълум. 11 декабрда олинган суратда иншоот пойдевори учун ковланган чуқур ва унда ўрнатилган ўнлаб устунларни кўриш мумкин. Ахборот агентлигининг фикрича, бундай устунлар сейсмик хавфли ҳудудларда биноларни қуришда қўлланади.  

Қурилиш майдончаси авиазарбалардан ҳимоялаш мақсадида тоғ ичида қурилган Фордо ерости иншоотидан шимол томонда, Фордодаги ёрдамчи ва илмий-тадқиқот бинолари яқинида жойлашган.

Фото: Observer IL / Twitter 

Associated Press’да таъкидланишича, Эрон ушбу объект қурилиши ҳақида ҳеч нарса маълум қилмаган. Эроннинг БМТ ва Атом энергияси халқаро агентлигидаги миссиялари ҳам ушбу ахборот бўйича изоҳ бермаган.

Аввалроқ, декабрда Эронда қурилаётган янги ядро объекти суратлари пайдо бўлганди. Гап Натанз яқинида жойлашган центрифугалар йиғиш ерости цехи ҳақида бормоқда. Июлда Натанздаги ядро объектининг бош биноси портлаш оқибатида вайрон бўлганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид