Оқ уйдаги матбуот анжуманида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнсдан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Эрон билан келишувдан ғазабда экани ҳақида сўрашди. Венс Нетаняҳудан бундай изоҳларни эшитмаганини айтди, бироқ Исроил ҳукумати аъзоларининг АҚШ-Эрон келишувга ва шахсан Трампга ҳужумларини танқид қилди.

«Мен [АҚШ-Эрон] битимини барбод қилиши мумкин бўлган тахминий сценарийларга киришмоқчи эмасман. Чунки, президент Трампнинг кутилмаси шуки, исроилликлар ва минтақадаги арабларнинг барчаси ҳамкорликда иш тутиб, ушбу битимни охирига етказади.

Axios хабарини кўрдим: Нетаняҳу ғазабда эмиш. Бу хабар мен у билан олиб борган суҳбатларни акс эттирмайди. Балки у менга айтмаган нарсаларни бошқаларга айтаётгандир.

Мени ҳақиқатан ҳам ташвишга соладигани бошқа: Биби кабинетидаги баъзи аъзолар битимни очиқдан-очиқ танқид қилганини, баъзи ҳолларда эса улар АҚШ президентини шахсан ҳақорат қилганини кўрдингиз.

Уларга икки хил хабар бермоқчиман:

Биринчидан, Доналд Трамп — ҳозирги дамда бутун дунёда Исроил давлатига ҳамдард бўлган ягона давлат раҳбари. Қолаверса, у дунёдаги ягона ўта қудратли давлатининг раҳбари ҳамдир. Агар мен Исроил ҳукуматида бўлсам, дунёда қолган ягона кучли иттифоқдошимни «нишонга» олмасдим».

У шунингдек, Исроилни ҳимоя қилган мудофаа қуролларининг учдан икки қисми «Америкага тегишли» эканини эслатиб ўтди.

«Иккинчи хабарим, Бибининг ўзи бу йўлга кирмади. Аммо президент Трампни ҳужумга олган Исроилдаги баъзи ҳукумат аъзоларига шуни айтардимки, сўнгги уч ой ичида юртингизни ҳимоя қилган мудофаа қуролларининг учдан икки қисми Америка қўллари билан яратилган ва Америка солиқ тўловчиларининг пуллари ҳисобига тўланган.