Ўзбекистон | 15:55 / 25.12.2020
22301
2 дақиқада ўқилади

«Сардоба иши» бўйича суд бошланди. Иш ёпиқ тарзда кўриляпти

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан жами 17 кишига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни бошланди. Жиноят иши бевосита давлат сирлари билан боғлиқ бўлганлиги сабабли ёпиқ тарзда кўриляпти.

Жорий йилнинг 21 декабрь куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан судланувчилар М. Холматов (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси” бошлиғи лавозимида ишлаган) ва бошқалар (жами 17 киши)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни бошланди.

Олий суд хабарига кўра, ушбу жиноят иши бевосита давлат сирлари билан боғлиқ бўлганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси 1-қисми талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўриляпти.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 203-моддаси (сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 258-моддаси (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

“Суд жараёни давом этмоқда. Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича алоҳида баёнот берилади”, - дейилади маҳкама хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, мазкур сув омборининг қурилиш ишлари 2010 йилда бошланиб, 2017 йилда якунига етказилган эди.

1 май куни эрталаб сув омборида тўғон ўпирилиши содир бўлди. Воқеа оқибатида 6 киши ҳалок бўлди. Сув тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етди. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлди. Учта тумандаги 22 та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди.

Мавзуга оид