Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Печенеж сув омбори тўғони Россия ҳужуми оқибатида зарарланди
Россия ҳужуми натижасида Харкив вилоятидаги Печенеж сув омбори тўғони орқали автомобиллар ҳаракати тўхтатилди. Бу вилоятдаги асосий ичимлик суви манбаи ҳисобланади.
Фото: Ижтимоий тармоқлар
Россия қўшинлари Украинанинг Харкив вилоятида жойлашган Печенеж сув омбори тўғонига зарба берди. Бу ҳақда Печенеж посёлкаси кенгаши раиси Александр Гусаров якшанба, 7 декабр куни кундуз Telegram’да хабар қилди.
«Печенеж тўғони йўл қисми бўйлаб ҳаракат тўхтатилди», — деб ёзди у.
Харкив вилоятидаги Инфратузилмани тиклаш ва ривожлантириш хизмати маълумотларига кўра, кўрилган зарар туфайли Чугуев – Печенеги – Великий Бурлук йўналишидаги Т-21-11 йўлининг Печенеж ёнидаги қисмида ҳамда Харкив – Волчанск – Чугуновка назорат-ўтказиш пункти йўналишидаги Т-21-04 йўлида, Старий Салтов тумани атрофида, автомобил ҳаракати хавфли ҳолатга келиб қолган. Ҳозир ҳодиса жойида мутахассислар ишламоқда — улар зарар кўрган инфратузилмани кўздан кечирмоқда ва биринчи навбатда амалга ошириладиган тиклаш ишларини бажармоқда. Транспорт учун айланма йўл ташкил этилган.
Печенеж сув омбори — Северский Донец дарёсида қурилган сув омбори. У 1962 йилда ишга туширилган. “Укринформ” нашри ёзишича, ушбу омбор Харкив шаҳри учун хўжалик ва ичимлик сувининг асосий манбаи ҳисобланади.
Украина Печенеж тўғони Россия ҳужумлари туфайли жиддий даражада зарар кўриши эҳтимолига тайёр ва бу борада аллақачон зарур ҳаракат режалари ишлаб чиқилган, деб маълум қилди Украина Қуролли кучлари 16-армия корпуси. Хусусан, тўғон вайрон бўлган тақдирда ҳаракат учун захира йўллар тайёрлангани ва зарур моддий-техника захиралари тўплангани билдирилган. Шу боис дамба орқали ҳаракат имкониятининг вақтинча йўқолиши “жангoвар ҳаракатлар юритилишига жиддий даражада таъсир кўрсатмайди”, дея таъкидланган.
“Зарур ҳолатда Украина мудофаа кучлари ўта қисқа муддатларда буни қайта тиклашга тайёр. Бу учун махсус инженерлик воситалари ва мутахассислар мавжуд, улар аллақачон ишлаб чиқилган схемалар бўйича ҳаракат қилмоқда”, — дейилади 16-армия корпуси баёнотида.
Шу билан бирга, Печенеж тўғони Харкив вилоятидаги ўнлаб аҳоли пунктларини сув билан таъминлайдиган муҳим аҳамиятга эга объект экани қайд этилади. “Дамбани йўқ қилишга қилинган уринишлар ҳеч қандай ҳарбий асосга эга эмас ва халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ҳисобланади, улар уруш жинояти сифатида кўрилади”, — деди Украина ҳарбийлари.
Мавзуга оид
11:00
Берлин Пекиндан Украинада “адолатли ва барқарор тинчлик”ка ҳисса қўшишни сўрамоқда
09:24
Келлог: Тинчлик келишувини имзолашга иккита банд тўсқинлик қилмоқда
18:01 / 07.12.2025
АҚШ ва Украина ўртасидаги уч кунлик музокараларда ўсишга эришилмади
09:22 / 07.12.2025