12:46 / 26.12.2020
13695

ТДИУ 2-курсга тўғридан тўғри қабул ҳақидаги эълон бўйича муносабат билдирди

Жорий йил 24 декабр куни Kun.uz сайтининг телеграмдаги саҳифасида “ТДИУга 2-курсга тўғридан тўғри қабул!” номли реклама материали эълон қилинганди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети таҳририятга мазкур эълон матнига нисбатан расмий муносабат йўллади.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Австриянинг Кремс амалий фанлар университети ўртасида 2018 йил 24 августда имзоланган шартномага кўра, халқаро қўшма таълим дастури асосида “Менежмент (экспортга йўналтирилган)” ва “Менежмент (туризм ва меҳмонхона хўжалиги)” таълим йўналишларида бакалаврлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Ушбу йўналишда таълим олган талабаларга икки томонлама бакалавр дипломи берилади.

Кремс амалий фанлар университети томонидан бериладиган бакалавр дипломи хорижий, жумладан, Европа олий таълим муассасалари ва иш берувчилари томонидан тан олинади. Бу эса ўзбекистонлик ёшларга Европа таълим стандартлари асосида олий маълумот олишга имкон беради. Мазкур бакалавр дастури 3 йил давом этади.

Австрияда олий таълимдан олдинги таълим 12 йилни ташкил этганлиги сабабли, жами 15 йиллик таълим бакалавриат босқичини 3 йил қилиш орқали таъминланади.

Ўзбекистонда ҳам мазкур 15 йилни тўлдириш учун қўшма таълим 3 йиллик бакалавр дастурига 12 йиллик таълим даври талаб этилади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда мавжуд 11 йиллик мактаб таълимига қўшимча тарзда 1 йиллик тайёрлов курси (Foundation)ни битириш талаб этилади. Бошқача айтганда, академик лицей ёки касб ҳунар коллежларини битирган абитуриентлардан Foundation’да ўқиш талаб этилмайди.

Университетда фаолият олиб бораётган халқаро қўшма бакалавр таълим дастурига абитуриентларни талабаликка қабул қилиш қуйидаги асосий мезонлар бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистонда 12 (9+3) ёки (9+2+1) йиллик таълимни якунлаганлиги тўғрисидаги диплом/бошқа тенглаштирилган ҳужжат (инглиз тилида);

Мотивацион иншо;

Инглиз тилини билиш лаёқати (камида IELTS 5,5; TOEFL (IBT) 70; ёки Cambridge Certificate Level B2) ҳужжати;

Паспорт нусхаси ва расм.

Шу ўринда қайд этиш лозим, инглиз тилини билиш лаёқати ҳужжати бўлган қуйидаги шахслар ушбу халқаро қўшма таълим дастурининг 2-курсидан ўқишни давом эттириши мумкин (Австрия томонидан ўтказиладиган суҳбат-имтиҳон асосида):

Ўзбекистон барча олий таълим муассасаларининг 1-курс бакалавриатини муваффақиятли тамомлаган барча талабалар (ҳар қандай таълим йўналиши);

Олдинги ўқув йилларида коллеж ёки лицейларнинг битирувчилари;

Ўзбекистонда расман тайёрлов курси сифатида рўйхатдан ўтган ва хорижий олий таълим муассасалари томонидан тан олинган Foundation дастури битирувчилари.

“ТДИУга 2-курсга тўғридан тўғри қабул!” номи остида ҳаволада жойлаштирилган эълон матни “Ушбу келишув доирасида Буюк Британия халқаро академик даражаси “Level 3 International Foundation Diploma for Higher Education Studies” GRBS® Ўзбекистон битирувчилари дарҳол Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро йўналишларининг иккинчи курсига қабул қилинади деб келтирилган. Ушбу жумлада келтирилган “дарҳол” сўзи университет томонидан имзоланган ҳужжатларда назарда тутилмаган. Шунингдек, ТДИУ 2020 йил 14 декабр куни ушбу ўқув маркази билан имзолаган меморандум “Стратегик” эканлиги кўзда тутилмаган. Ушбу меморандум икки томонга юридик ёки бошқа молиявий мажбуриятларни келтириб чиқармайди.

Шу боисдан, университет раҳбарияти ўқув маркази томонидан меморандумни келишувдан ташқари талқин қилганлиги сабабли бекор қилишни кўриб чиқади.

Умуман олганда, юқорида қайд этиб ўтилган талабларга тўғри келадиган барча ўзбекистонлик ёшларни 2021 йилда 2021-2022 ўқув йиллари учун бўладиган танловларда иштирок этиш учун Тошкент давлат Иқтисодиёт университетига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз. Барча расмий маълумотлар www.tsue.uz веб сайтида ёки @tsueuzofficial расмий телеграм каналида берилади, дейилади Тошкент давлат Иқтисодиёт университети ахборот хизматининг таҳририятга йўллаган муносабатида.

Top