Жамият | 14:52 / 30.12.2020
7442
6 дақиқада ўқилади

Никпэк ва ёшлар: нега қонунчиликда ҳануз бўшлиқлар бор?

Никпэклар нимаси билан жалб қилади? Улар ширин таъмни эслатади, бироқ таъм берувчи қўшимчалардан ташқари, уларда асосий таркибий қисм – никотин мавжуд. Маҳсулот сигарет ва вейпларга алтернатив сифатида тарғиб қилинади. Лекни бир жиҳати бор – маҳсулот таркибида тамаки бўлмаса-да, у саломатликка зарар етказиши мумкин. Айниқса, гап ёшлар ҳақида кетса.

Никпэкларда ёшга оид таснифлаш бор, яъни ишлаб чиқарувчилар биринчи навбатда мақсадли бўлмаган аудиторияни ушбу маҳсулотни истеъмол қилишдан сақлашга уринишади. Россияда никпэкни истеъмол қилгандан кейин аҳволининг ёмонлашиши – кўнгил айниши, бош айланиши каби ўсмирлар билан рўй берган ҳолат ана шундай салбий оқибатлардан биридир.

Хорижий экспертлар таркибида тамаки бўлмаган маҳсулотларни болаларга сотишга ҳақли равишда эътироз билдиришяпти. Никпэкларни истеъмол қилиш оқибатида жисмоний ва интеллектуал фаоллик пасаймоқда, юрак билан боғлиқ муаммолар келиб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, гап ёш авлод ҳақида кетяпти, чунки бу даврда тана шаклланади, ҳар қандай ташқи салбий таъсир унга катталарга қараганда бир неча ўн баробар кучлироқ таъсир қилиши мумкин. Саломатликка зарар етказишдан ташқари, маҳсулотга ўрганиб қолиш хавфи ҳам бор, яъни бу энди муаммонинг психологик томонидир, у билан курашиш эса осон эмас.

Ижтимоий тармоқларда никпэкларнинг болалар ва ўсмирларни бирлаштирувчи восита сифатида оммалашиб бораётгани кузатилди. Масалан, интернетдаги рус сегментида гуруҳлар очиб, у ерда нафақат етказиб берувчиларнинг рақамларини алмашишади, балки ўзаро мулоқот майдони сифатида ҳам фойдаланишади. Бу билан тамакисиз маҳсулотлар, эҳтимолки, ишлаб чиқарувчилар учун ҳам кутилмаган равишда аудиторияни бирлаштирди.

Хуллас, бу ерда гап фойда олиш мақсадида бунга қўл урган тадбиркорларга қарши чиқиш ҳақида эмас, балки болалар ва ўсмирларни тамакисиз маҳсулотларнинг зарарли таъсиридан қандай ҳимоя қилиш ҳақида кетяпти. Улар нима деб ёзишмасин, никотин, айниқса, юқори дозада, ўсаётган организм учун зарур бўлган элемент эмас.

Яқинда президент аҳоли, жумладан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган фармонни имзолади. Бу бир томондан. Бошқа томондан эса – бугун тамакисиз маҳсулотларни нафақат тамакига қарамликдан қутулмоқчи бўлганлар, балки ўсмирлар ҳам сотиб олиши мумкин. Ёшлар ҳали бу борада қонунчилик даражасида ҳимояланмаган. Гап шундаки, маҳсулотлар бозорда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш даражасидаги ўзгаришларга қараганда тезроқ пайдо бўлади.

Масалан, президентнинг «Тамаки маҳсулотлари бозорини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан 2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб тамакисиз никотинли маҳсулотларга акциз солиғи белгиланди. Вазирлар маҳкамасининг 2019 йил 1 февралдаги қарорида эса «снюс» бошқа маҳсулотлар қаторига киритилган, бироқ «чекилмайдиган тамаки маҳсулоти» сифатида. Никпэклар таркибида эса тамаки йўқ.

Аввалроқ ушбу долзарб масала қонун лойиҳаси даражасида муҳокама этилгани хабар қилинганди. Яъни савдолар қизғин давом этаётган бир пайтда, тамакисиз маҳсулотларни ёшлар орасида тарқатиш тартибга солинмагани ва бу борада давлат миқёсидаги қарор фақат «кучайтирилаётгани» айтилганди. Ўзбекистонда никпэкларни яширин тарқатиш йўқлиги қувонарли, бироқ рўйхатдан ўтган иштирокчилар учун аниқ белгиланган қоидалар бўлмаса, бу тенденция қачонгача давом этади?

Алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ҳамда истеъмол қилишни чеклаш тўғрисидаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритадиган ҳужжат лойиҳасида никотин ёстиқчаларини тақиқлаш ҳам назарда тутилган. Демак, қонунчилик даражасида ушбу масала тартибга солиниши ҳамда никпэклардан фойдаланиш ва тарқатиш қоидаларига аниқлик киритилиши эҳтимоли мавжуд. Бугунга келиб никотин пакетчалари санитария-эпидемиология хулосаси чиқариладиган товарлар рўйхатига киритилмаган. Демак, улар ушбу ҳужжатни қабул қилишмайди, гарчи маҳсулотларнинг ўзи бевосита якуний истеъмолчи томонидан истеъмол қилинаётган бўлса-да.

Маълумот учун: Санитар-эпидемиология хулосаси масъул санитар шифокор томонидан тузилади. Ҳужжат экспертизадан ўтган маҳсулотларнинг инсон саломатлиги учун хавфсизлик стандартларига мувофиқлигини тасдиқлайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги қарори 21-бандида «тамаки ва саноат тамакиси ўрнини босувчи маҳсулотлар» қайд этилган. Аммо никпэклар ушбу тавсифга киритилмаган. Чунки уларда тамаки мавжуд эмас, лекин айни пайтда улар таркибида никотин бўлган маҳсулотларнинг аналогларидир.

Қонунчиликда никпэкларга аниқ таърифнинг йўқлиги етказиб берувчилар учун бўшлиқ яратмоқда. Санитария-эпидемиология хулосасини олиш каби биргина мажбурий амалиётнинг олиб ташланиши, ушбу маҳсулотларни юборадиган ва қабул қиладиган хўжалик юритувчи субъектлар учун фойдали бўлиши мумкиндир, бироқ уни истеъмол қилаётганлар учун фойдали эмаслиги аниқ. Ахир, бу ҳужжат якунда – товарнинг хавфсизлигини таъминловчи ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Маҳсулот тўғридан тўғри уни қабул қиладиган инсон танасига таъсир кўрсатади. Ўз навбатида, унинг рўйхатга киритилиши – қандайдир сабабларга кўра, қонунчилик вакиллари эътиборидан четда қолиб кетган энг муҳим банддир.

Мавзуга оид