Ўзбекистон | 11:55 / 30.12.2020
25590
5 дақиқада ўқилади

Сенат Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қонун матнини эълон қилди

Олий Мажлис Сенати сайтида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун матни эълон қилинди.

Асосий ўзгартириш Конституциянинг 107-модда 1-қисми — суд тизимига тааллуқли. Бу қисм қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир».

Ушбу ўзгартириш Ўзбекистон президентининг 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра киритилаётган бўлиб, унга кўра, 1 январдан бошлаб суд тизимига тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.

Шунингдек, 117-модда 8-қисмининг ўзбекча матнидаги «қонунларга» деган сўз «қонун ҳужжатларига» деган сўзлар билан алмаштирилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштиради ва давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб бекор қилишни таъминлайди.

Маълум қилинишича, ушбу қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 24 ноябрда қабул қилинган ва айни вақтда парламент юқори палатасининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилмоқда.

Лекин «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига зид равишда биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси матни палата расмий сайтида эълон қилинмаган эди.

Депутат Расул Кушербаев бу ўзгаришлардан мақсад – фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосини бир жойда ҳал қилиш, суд тизимини бошқариш масалаларини такомиллаштириб, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник таъминлаш ишини яхшилаш эканлигини айтган эди.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев эса амалиётда аллақачон умумюрисдикция судлари учун судьялар лавозимга тайинланаётганини танқид қилган.

«Масалан, яқинда Тошкент шаҳар умумюрисдикция суди раиси лавозимга тайинлангани хабар қилинди. Тасаввур қиляпсизми, ҳали йўқ судга, йўқ лавозимга аллақачон раҳбар тайинланиб бўлинди. Ия, бу қанақаси? Балки Конституцияга ўзгариш киритилмас, балки депутатлар ва сенаторлар бу ўзгаришларни ёқламас, деб савол беришингиз мумкин, албатта. Ҳа, энди бу фақат назарий айтилаётган гаплар, холос. Мен бу саволларга жавоб бера олмайман ва жавобини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Ҳали Конституция ўзгармади-ку, сал кутиб турсак-чи ҳурматини қилиб?», деб ёзган у.

Эслатиб ўтамиз, Сенат кенгаши 11 декабрдаги қарори билан Конституцияга ўзгартириш киритиш масаласини палатанинг 18 декабрдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритган эди.

Бу қандай ўзгариш экани жамоатчиликка маълум қилинмади. Қонунни депутатлар қачон қабул қилиб улгургани ҳақида ҳам саволлар пайдо бўлди.

18 декабр куни эса Сенат ялпи мажлисида раис Танзила Норбоева Конституцияга ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонун бу мажлисда кўрилмаслигини, бу масалада халқ билан бамаслаҳат иш қилинишини айтди.

Маълум бўлишича, ялпи мажлисдан бир кун олдин Сенат кенгашининг қарори чиқарилган бўлиб, унга биноан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун ялпи мажлис кун тартибидан олинган.

Маълумот учун, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача 14 марта ўзгартиш киритилган.

Конституциянинг энг сўнгги 128-моддаси талабига кўра, Олий Мажлис тегишли таклиф киритилгандан кейин 6 ой мобайнида Конституцияга ўзгартиш ва тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин.

Мавзуга оид