Ўзбекистон | 08:47 / 02.01.2021
11338
3 дақиқада ўқилади

Автомобил ташувларини назорат қилиш тартиби тасдиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобил ташувларини назорат қилиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Автомобил ташувларини назорат қилишнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • автотранспортда хизматлар хавфсизлиги ва сифатини ошириш, автомобилларда ташувлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар олдини олиш;
  • автомобил транспорти соҳасидаги қонунларга риоя этилишини таъминлаш, шу жумладан лицензиатлар томонидан лицензия талаб ва шартларига риоя қилинишини таъминлаш;
  • йўловчилар, багаж ва юк ташиш қоидаларига риоя этиш, йўловчилар ва юк ташиш хавфсизлиги, йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятининг зарур даражасини таъминлаш, йўловчилар йўналишларида транспорт воситаларининг бир маромда ҳаракатланиши, белгиланган ҳаракат жадвали ва оралиқларига риоя этилишини назорат қилиш;
  • ташувчилар томонидан йўловчилар ҳаёти, соғлиги ва (ёки) мулкига зарар етказганлик учун қонун ҳужжатларида ўрнатилган фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталашга оид мажбуриятларнинг бажарилишини тизимли назорат қилиш;
  • йўловчи ва юкларни автомобил транспортида лицензиясиз ташиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга нисбатан амалдаги қонунчиликка асосан чоралар кўриш;
  • миллий ва хорижий автоташувчилар томонидан ташишларни амалга оширишда ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимига амал қилиши, автомобил транспортида халқаро ташувлар соҳасидаги халқаро шартномалар бажарилишини таъминлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларида йўловчилар, багаж ёки юкларни ташиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик келтирилган хорижий давлатлар автотранспорт воситаларида ташишларни (каботаж ташишларни) амалга оширишда халқаро шартномалар шартларига риоя этилишини назорат қилиш;
  • хорижий давлатларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига белгиланган ўтиш пунктлари орқали кириб келганлигини назорат қилиш.

Автомобил ташувларини назорат қилиш тизими қуйидагиларни таъминлайди:

  • миллий ва хорижий ташувчилар томонидан автомобил ташувларини амалга оширишда белгиланган тартибга риоя қилиш;
  • миллий ва хорижий ташувчилар томонидан автомобил соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш;
  • назорат пунктларида автотранспорт воситалари томонидан халқаро автомобил ташувларини амалга оширишда рухсатномалардан фойдаланиш ҳисобини юритиш;
  • ташувчилар томонидан лицензия талаб ва шартларини бажариш.

Автомобил ташувларини назорат қилиш йўловчилар тўпланадиган ва юклар ортиладиган ҳамда тушириладиган йирик пунктларда (темир йўл вокзаллари ва станцияларида, дарё портларида, бозорларда, метрополитеннинг охирги станцияларида, автовокзалларда (автостанцияларда), автобус йўналишларининг оралиқ ва охирги тўхташ бекатларида ва ҳ.к.) ҳамда Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг стационар постларида амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид