Ўзбекистон | 08:58 / 25.05.2026
1307
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда архив хизматлари устидан назорат кучайтирилади

Ўзбекистонда архив иши ва иш юритиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари устидан назоратни кучайтириш мақсадида ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил қилишнинг янги электрон тизими жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Фото: Adobe Stock

Бу ҳақда “Ўзархив” агентлиги томонидан ишлаб чиқилган низом лойиҳасида сўз боради. Ҳужжатга кўра, архив хизматлари соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти махсус “хавфни таҳлил этиш” электрон тизими орқали баҳоланади.

Тизим тадбиркорлик субъектларида қонунбузилиш хавфи даражасини аниқ мезонлар асосида “балл” тизими орқали баҳолайди. Натижаларга кўра субъектлар хавфи юқори, ўрта ва паст тоифаларга ажратилади.

Лойиҳада белгиланишича, хавфи юқори ва ўрта деб топилган субъектларда профилактика тадбирлари ўтказилади, зарур ҳолларда эса текширув ташаббус қилиниши мумкин. Хавфи паст деб баҳоланган субъектларда текширув ўтказилмайди.

Шу билан бирга, хавф таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ёки ахборот талаб қилишга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

Таҳлил қилишда лицензиялар, статистик маълумотлар, мурожаатлар, ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотлардан фойдаланилиши мумкин.

Низом лойиҳасига кўра, текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали хабардор қилинган ҳолда амалга оширилади ва тадбиркорлар текширув бошланишидан камида ўн иш куни олдин огоҳлантирилади.

Ҳужжатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш ёки уларнинг ишини ноқонуний тўхтатиб қўйиш ҳолатларида етказилган зарар айбдор шахслардан ундирилиши ҳам белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид