16:41 / 06.01.2021
69709

Ўзбекистонда ғайриоддий об-ҳаво ҳодисаси кузатиляпти - «Ўзгидромет»

Сўнгги кунларда Ўзбекистон аҳолиси ғайриоддий ҳодисани кузатяпти - қор доналари худди тумандан тушгандек ёғмоқда.

Фото: KUN.UZ

«Ўзгидромет» хабарига кўра, бу ҳодиса Ўзбекистонда ниҳоятда кам учрайди, кўпинча у қиши барқарор совуқ ҳудудларда кузатилади.

«Ушбу ҳодисанинг вужудга келиш сабаби шундаки, у совуқ Сибир антициклонининг таъсиридан келиб чиқади. Одатда, бундай синоптик вазиятда ёғингарчилик кузатилмайди.

Шу билан бирга, ер юзасидаги ҳаво қатламларининг тунги кучли совиши туфайли пастки ҳаво қатламлари юқори қатламлардан совуқроқ бўлганда, ҳароратни тескари ўзгариши содир бўлади. 

Натижада, конвекциянинг олдини оладиган «блокировка қилувчи» қатлам пайдо бўлади, у конвекция ҳодисасига тўсқинлик қилади. Бундай ҳолатда, жадал равишда ишлайдиган қозонларнинг қувватлари орқали ҳавога кўп миқдорда ташланадиган илиқ буғ худди шу қатламга «урилиб» тушгандек қуюқлашади ва қор доналари шаклида ёғади», - дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, ушбу ҳодисани ўрганган баъзи тадқиқотчилар буни «техноген қор» деб атайди. Бироқ, бу тўғри эмас. Шунга қарамай, бу антропоген омил таъсирида ўзгартирилган табиий ҳодиса экани айтилган.

 

Top