Жаҳон | 21:50 / 07.01.2021
48028
9 дақиқада ўқилади

Капитолий воқеалари. Буёғига нима бўлади?

20 январгача — Жо Байден расман АҚШ президенти бўладиган кунгача яна икки ҳафтача вақт бор. 6 январ куни ўз тарафдорларини кучни намойиш этишга чақирган (шундан кейин улар Капитолий тепалигини вайрон қилишди) Трамп яна икки ҳафта президентлик қилади.

Демократлар ваколати муддати тугашини кутмасдан Трампни президентликдан четлатиш зарурлигини уқтиришмоқда. Улар амалдаги президент ўз лавозим мажбуриятларини бажаришга лаёқатсиз деб ҳисоблашмоқда. Экспертлар ҳам Трампнинг кейинги қадамлари борасида хавотирларини билдиришмоқда.

Трамп импичмент қилиниши ҳақиқатга яқинми?
Вакиллар палатасининг юридик қўмитасидаги демократлар Вазирлар Маҳкамасини зудлик билан Трампни истеъфога чиқаришга чақирмоқда. Назарий жиҳатдан президент импичментининг икки йўли бор.

Биринчи йўл — импичмент. Бу содир бўлиши учун, Вакиллар палатасининг президент ўта оғир жиноят содир этгани ёки қоидабузарликка йўл қўйганига ишончи комил бўлиши керак. Дональд Трамп буни бошдан кечирган, демократлар 2019 йил декабрида уни ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбдор деб топишганди. Аммо ўшанда республикачилар назоратида бўлган Сенат Трампни оқлаганди.

Импичмент жараёни кўп вақт олади — Вакиллар палатаси қўмиталари текширувлар ўтказиши, далиллар йиғиши, овоз бериши, кейин Сенатда айблов қўйилиши керак. Икки ҳафтада бу ишларга улгуришнинг иложи йўқ.

Шу туфайли демократлар бошқа вариантни таклиф этишмоқда — Америка Конституциясига киритилган 25-тузатиш. Бу тузатиш агар давлат раҳбари ўз вазифаларини бажаришга лаёқатсиз деб топилса, уни президентликдан четлатишга имкон беради. Президент «руҳий касал» бўлганда ҳам шу тузатиш асосида уни четлатиш мумкин.

Бундай ҳолатларда қарорни Вазирлар маҳкамаси қабул қилади. Ҳокимият вақтинчаликка президентдан вице-президентга ўтади. Ҳозирги ҳолатда бундай жараён рўй берса, Байденнинг инаугурациясигача президент вазифаларини Майк Пенс бажарган бўларди.

Пенс президентнинг ҳаракатларини ва Капитолийнинг қамал қилинишини қоралади. У твиттерда Трампни ўқишни тўхтатди, аккаунти фонига Жо Байден ва 20 январдан кейин вице-президент бўладиган Камала Ҳаррис акс этган суратни жойлаштирди.

Америкадаги нашрлар Вазирлар маҳкамаси 25-тузатишни қўллаш масаласини фаол равишда муҳокама қилишга киришгани ҳақида ёзди. Ижтимоий тармоқларда демократлар билан бирга республикачилар ҳам Трампнинг четлатилишини талаб қилишмоқда. CNN шу каби республикачиларнинг айримлари билан гаплашди, улар анонимликни сақлаган ҳолда  Трамп «назоратдан чиқиб кетгани» ҳақида гапиришди.

Лондондаги қироллик коллежи политологи Сэм Гриннинг ҳисоблашича, айни вақтда 25-тузатиш қўлланиши ҳақидаги гаплар хаёлий кўринмоқда. «Бу тузатиш руҳий ҳолати мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қиладиган президентдан ҳимояланишга қаратилган. Ҳозир эса бутунлай бошқача вазият. Трамп тентакона ишлар қилаётган бўлиши мумкин, аммо унинг ақл-ҳуши жойида. Бу ҳолатда импичмент яхши вариант эди, аммо бу узоқ вақт давом этадиган ва Республикачилар партиясини бўлиб юборувчи жараён. Импичмент ҳолатида республикачилар Трампни қўллаётган электоратга қарши боришга тайёр ёки тайёр эмасликлари бўйича қарор қабул қилишлари керак бўларди», дейди у.

Инаугурация маросимини ҳам бузишга уриниш бўлиши мумкинми?

Фото: Samuel Corum/Bloomberg via Getty Images

Дональд Трампда кейинги икки ҳафта мобайнида вазиятни ўзгартириш учун деярли ҳеч қандай йўл қолмади: овозларни ҳисоблаш якунланган, судларда ютқазилган, Байденнинг ғалабаси Конгрессда тасдиқланган.

Трампга Жоржия штати давлат котибидан «етишмаётган овозларни топиш»ни талаб қилиши ҳам ҳеч қандай наф бермади. Жо Байденнинг жамоаси бир неча марта Трампнинг маъмурияти ҳокимиятни сайланган президентга ўтказиш жараёнига тўсқинлик қилаётганидан шикоят қилди. Масалан, кўп вақт давомида Байденга махсус хизматларнинг ҳисоботларини кўриш имкони берилмаган, ҳолбуки, анъанага кўра, сайланган президент учун бу маълумотлар очиқ бўлади.

Ҳокимиятни ўтказиш жараёни Байденнинг жамоаси мамлакатдаги вазиятдан тўла хабардор ҳолда 20 январдан ўз вазифаларини рисоладагидек бошлаши учун керак бўлади.

Президент ўз мағлубиятини тан олмасдан, асоссиз равишда рақибларни сайлов натижаларини сохталаштиришда айблаб, ўз тарафдорлари орасида норозилик оловига мой қуйиши билан ўтган икки ойлик беқарорлик вазияти Капитолийнинг ишғол этилиши билан якунланди. Айрим экспертлар хавфсирашмоқдаки, ўтган тунда рўй берган воқеалар сўнггиси бўлмаслиги мумкин. Трамп ҳокимиятни тинч йўл билан топширишни ваъда қилиш баробарида, Байден жамоаси араваси ғилдирагига чўп суқди - у «сайловлар натижаларига бутунлай қарши бўлиши, фактлар буни тасдиқлашига қарамай, 20 январ куни ваколатлар тартиб билан ўтказилиши»га ваъда берди. Энди бу ҳокимиятни ўтказиш жараёни якунлангач, энг асосийси — инаугурация маросими қолади.

Фото: Samuel Corum/Bloomberg via Getty Images

Трампнинг 300 мингдан ошиқ тарафдорлари фейсбукда «Дональд Трампнинг иккинчи инаугурацияси» гуруҳига қўшилган. Бу гуруҳдагилар Капитолийдаги воқеалар муҳокамаси давомида Трампнинг тарафдорлари «қонун доирасида ҳаракатланишгани», тартибсизликлар эса намойишчиларга BLM ҳаракати аъзолари ва антифчилар қўшилгач бошлангани ҳақида айтишган. Гуруҳдаги муҳокамалар орқали республикачилар тарафдорлари 20 январ куни онлайн маросим ўтказишмоқчими ёки улар кўчаларга чиқишадими, буни англаб бўлмайди.

Бироз аввалроқ, гўёки Трамп 20 январ куни митинг уюштиришни режалаштираётгани, унда 2024 йилги президентлик сайловларида қатнашмоқчилигини эълон қилиши ҳақида хабарлар тарқалганди.

Трампдан яна нима кутиш мумкин?
Эндиликда, ҳатто Вазирлар маҳкамаси ҳам, юмшоқ қилиб айтганда, президент қолган икки ҳафта давомида президентлик қила олмаслиги мумкин деб ҳисоблаётган вақтда, Трамп ҳокимиятда қолиш учун яна нималар қилиши мумкинлиги ҳақида тахминлар кўпаймоқда.

Ҳозирда энг кўп хавотирлар Трампнинг Эрон билан муносабатларда қўйиши мумкин бўлган қадамлар бўйича. Икки ҳафта муқаддам АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасига ҳужум уюштирилганидан кейин, Трамп Эронни провокация қилишда айблаганди. «Агар бирор америкалик ўлдирилса, мен барча айбни Эронга қўяман. Яхшилаб ўйлаб кўринг», деганди у.

Конгрессда Байденнинг ғалабаси тасдиқланадиган мажлис арафасида Трамп ўз тарафдорларини Капитолийга боришга чақирганди
ROBERT NICKELSBERG/GETTY IMAGES

Сўнгги вақтларда ОАВда Америка ва Эрон муносабатлари яна кескинлаша бораётгани ҳақида кўп ёзилмоқда. Буларнинг барчаси янги президент инаугурациясига оз вақт қолганида, Трампнинг буйруғи билан эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилганига бир йил вақт тўлганида рўй бермоқда.

Вашингтон давлат бошқаруви институтининг ижрочи вице-президенти Трит Парси айрим юқори мартабали ҳарбий амалдорлар билан гаплашгани, барча суҳбатдошлари Трамп президентлигининг сўнгги кунларида Эронни ҳужум қилишга ундашидан хавфсирашаётганини айтишган. «Ҳозирда Эрон ҳужум режалаштираётганини тахмин қилишга ҳеч қандай асос йўқ. У ердагилар тез орада АҚШда ҳокимиятга янги раҳбар келиши ва у мулоқотга тайёрлигини билишади. Аммо аламзада Трамп кейинги президент учун хаос қолдириб кетиши мумкин», деган у.

Ўтган йилнинг июлига қадар вице-президент Майк Пенсга ички хавфсизлик масаласида маслаҳатчи сифатида ишлаган Оливия Трой BBC билан суҳбатда шундай деган: «Иш шунга келдики, ҳозирги вазиятда президент шунчаки хавфли шахсга айланди. Аввалги воқеалардан келиб чиқиб, у яна нималарга қодирлигини аниқ айтиш қийин. Мен Трамп эртага ёки индинга нимадир иш қилади деб ўйламайман. Аммо Трамп яна қандайдир ҳарбий можаро бошласа, ҳайрон бўлмайман. Мен Трамп Эрон билан зиддиятни яна қўзғашидан хавотирдаман».

Политолог Сэм Гриннинг ҳисоблашича, барибир оптимизм учун сабаб бор: «Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Миллер бош қўмондон Трампнинг иштирокисиз, Пелоси ва Пенс билан гаплашгани мен учун аҳамиятли белги бўлди. Шундан кейин Миллер ҳарбий кучлар конституция ва мамлакатга хизмат қилишини айтди, у президент сўзини ишлатмади. Бу Трамп томонидан ҳокимиятда қолиш учун қандайдир уриниш бўлса ҳам, унга барча томондан қаршилик кўрсатишади дегандир».

Экспертнинг ҳисоблашича, айни вақтда Пентагон Трампнинг ўзидан кўра, мамлакат раҳбарияти жамоасига кўпроқ эътибор қаратмоқда. «Албатта, президент бош қўмондон сифатида буйруқлар бериши мумкин. Аммо қуролли кучлар раҳбарияти бундай буйруқларни жиноий деб ҳисоблаб, уларни бажармаслик ҳуқуқига эга. Бу ҳолатда улар истеъфога чиқиши керак бўлади», деган у.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид