Ўзбекистон | 17:15 / 07.01.2021
26431
5 дақиқада ўқилади

Навоийда амалдорларнинг оиласига тегишли компаниялар давлат тендерларида ғолиб бўлган

Навоийда «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси директори лавозимида ишлаган икки амалдорнинг яқин қариндошларига тегишли компаниялар қурилиш бўйича давлат буюртмаларини қўлга киритгани маълум бўлди.

Навоий вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси директори Мансуров Баҳодир Пўлатович оиласига тегишли бўлган «Mexrangez B-2002» МЧЖ бир неча миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган, деб ёзмоқда Telegram’даги «Давлетовуз» канали муаллифи.

Таъкидланишича, Навоий вилояти Кармана тумани «Боғишамол» МФЙ ҳудудидаги 30-сонли мактабни реконструкция қилиш (240 ўринли ўқув блоки қуриш) объекти бўйича тендер комиссияси йиғилиши 2020 йилнинг 3 июнида ўтказилган. Қиймати 2 миллиард сўмлик мазкур объектнинг тендер ҳужжатларини Баҳодир Мансуров комиссия раиси ўринбосари сифатида имзолаган.

Бундан ташқари, Навбаҳор тумани 8-сонли мактабгача таълим муассасаси биносини мукаммал таъмирлаш (125 ўринли блок қурилиши) объекти ҳам «Mexrangez B-2002» МЧЖга насиб қилган. Қарийб 2,8 миллиард сўмлик мазкур объект бўйича танлов комиссияси мажлиси 2019 йилнинг августида ўтказилган. Танлов комиссия раиси эса Баҳодир Мансуров бўлган.

Ҳозирги кунда «Mexrangez B-2002» компаниясининг барча улуши Саодат Мансуровага тегишли бўлиб, унга Меҳрангиз Мансуров раҳбарлик қилади. «Давлетовуз»даги маълумотга кўра, ушбу шахслар Баҳодир Мансуровнинг турмуш ўртоғи ва фарзанди ҳисобланади.

Маълумот учун, Навоий вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси бош муҳандиси бўлиб ишлаган Алишер Баҳромович Турдиев ҳужжатларга 2020 йилнинг июл ойидан 2021 йилнинг январигача компания директори в.б. сифатида имзо қўйган.

Унинг оиласига тааллуқли компания — «Бахромбек келажаги» МЧЖ ҳам бир неча миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритиб келган.

Мазкур компания улуши тўлиғича Мавлонов Жавлонбек Абдиҳамидовичга тегишли. «Давлетовуз» маълумотига кўра, у Алишер Турдиевнинг куёви — синглисининг турмуш ўртоғи ҳисобланади. «Бахромбек келажаги» МЧЖ Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 24-мактабни реконструкция қилиш (160 ўринли ўқув блоки қуриш) объекти бўйича тендерда (2 миллиард сўмдан ортиқ), Кармана тумани 20-сонли умумтаълим мактабини реконструкция қилиш (180 ўринли ўқув блоки қурилиши) бўйича танловда (1,8 миллиард сўмга яқин), Зарафшон шаҳридаги «Кичик саноат зонаси» ҳудудида сув ва канализация таъминоти учун ташқи муҳандислик тармоқларини қуриш бўйича танловда (108 миллион сўм) ғолиб бўлган.

Айни пайтда, Давлат статистика қўмитаси сайтининг корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар базасида эса Баҳодир Мансуров яна Навоий вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси раҳбари сифатида кўрсатилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 декабр куни парламентга мурожаатида бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назоратида бўлишини таъкидлаган эди.

6 январ куни ўтган Сенат ялпи мажлисида раис Танзила Норбоева давлат харидлари жараёнидаги манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини кучайтириш, аниқланган ҳар битта ҳолат юзасидан масъуллар фаолиятига қонуний баҳо берилиши кераклигини таъкидлаган. Сенат раиси давлат харидлари соҳасидаги коррупцион ҳолатлар ва шу каби муҳим масалаларда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг фаолиятини танқид қилди ҳамда парламентда агентликнинг ҳисоботини доимий тарзда эшитиб бориш тизимини йўлга қўйишни таклиф этган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ушбу масалада «Сабабни бартараф этмасдан туриб, оқибатларга қарши курашиб бўлмайди» сарлавҳаси остида баёнотини эълон қилган. Ундан агентликнинг асосий функцияси – коррупция ҳолатлари аниқланганда коррупционерларни жазолаш эмас, балки бунга олиб келаётган сабабларни аниқлашдан иборат эканини тушуниш мумкин.

Аввалроқ Андижонда давлат буюртмаларини буюртмачининг ўзига тегишли компаниялар тақсимлаб олгани маълум бўлганди.

Хусусан, «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбари Муҳиддин Қодиров ўзига тегишли бўлган «Milano Biznes Servis» МЧЖга қарийб 20 миллиард сўмлик қурилишга оид давлат буюртмаларини олган. Сўнгги маълумотларга кўра, Андижон вилояти прокуратураси қурилишлардаги манфаатлар тўқнашувини текширмоқда.

Davletovuz канали Жиззах вилоятида ҳам вилоят ҳокими ўринбосари қариндошларининг компаниялари бир неча юз миллиард сўмлик лойиҳаларни қўлга киритгани ҳақида хабар берганди.

Шунингдек, вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг қизи Наргиза Солиевага тегишли компания кўчаларга гул экиш бўйича бир неча миллиард сўмлик тендерларни ютиб олгани, Хоразмда вилоят ҳокимининг тайинланганига бир йил ҳам бўлмаган ўринбосарининг укасига тегишли компания 20 миллиард сўмлик давлат буюртмасини қўлга киритгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид