Ўзбекистонда аномал совуқ яна қанча давом этади? Ўзгидромет изоҳи
Ўзбекистонда сўнгги кунларнинг асосий муаммоси – совуқ, газ, свет... Газ ва свет бўйича вазият тушунарли ва ортиқча умидларга ўрин йўқ. Ягона илинж – совуқнинг чекиниши, ҳавонинг илиши.

Kun.uz мухбири мамлакатда совуқ об-ҳаво қачонгача ҳукм суришига оид саволлар билан Ўзгидромет матбуот хизмати мутахассиси Малоҳат Рўзиевага мурожаат қилди.
– Ҳозирги кунда кузатилаётган совуқ ҳавони аномал десак бўладими ёки нормал ҳисобланадими?
– Мамлакатимиз ҳудудида охирги 10 кундаги совуқ об-ҳавони Сибир ҳудудларидаги совуқ антициклон периферияси белгилаб турибди. Бунда жуда юқори босимли майдон аномал совуқ ҳавони олиб келди.
Бу вақтда кечалари 5-10°, шимол ва чўл зоналарида 12-17° гача совуқ ҳарорат қайд этиляпти. Кундузлари 0-5° кузатиляпти.
Бу – ўртача кўп йиллик қийматлардан 10–12 даража паст дегани. Ўртача кўрсаткичлардан паст ҳаво ҳарорати узлуксиз равишда 10 кун давом этаётгани учун бу аномал ҳисобланади.
– Прогнозларга кўра, бундай совуқ ҳаво яна неча кун сақланиб туради?
– Ўзгидромет прогнозларига кўра, 9–12 январ кунлари республикамизда ҳаво-ҳарорати аста-секин кўтарилади. Бунда кечаси 2 даража совуқдан 3 даража илиққача, кундузлари эса 5–10 даража илиққача кўтарилиб боради.
– Айнан мана шундай совуқ ҳаво қайси йилларда кузатилган?
– Белгиланган даврда бундай совуқ, яъни 10–12 даража паст ҳавонинг кузатилиши табиий, олдинги йилларда ҳам кузатилган. Фақат бу қадар давомий бўлмагани учун сезиларли кечмаган.
Масалан, 2014 йил январ ойининг 11 кунида 6–8 даража совуқ кузатилган. 2008 йилда эса умумий январ ойида эса ҳарорат ўртача меъёрдан 7 даража паст бўлган. 2012 йилда қисқа муддатли совуқлар кузатилган.
Бизда ҳозирги кунда кузатилаётган даражадаги совуқлар охирги 10 йилда қайд этилмаган. Яъни ҳозиргидай давомли, қор парчалари кристаллашган, булдуруқли ҳаво кузатилмаган. Шунинг учун ҳам аномал совуқ дедик.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.