Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исимаётган ва ёришмаётган уйлар: Фарғонадаги муаммолар ижтимоий тармоқларда
Бир неча кундан буён Ўзбекистон бўйлаб қаҳратон совуқ сақланиб турибди. Ўз-ўзидан жойларда аҳолининг электр энергияси, табиий газ бўйича мутасаддиларга мурожаати ортиб бормоқда.
Мутасаддилар билан боғлана олмаётган фуқаролар ўз дардларини ижтимоий тармоқларда ёзиб қолдирмоқда.
Kun.uz'нинг Фарғона вилоятидаги мухбири газ ва свет мавзусида Facebook'нинг фарғоналик фойдаланувчилари ёзган ва кўп муҳокама қилинган постларни тўплади.
Қўқонлик Малика Аъзамжонова ўзининг шахсий саҳифасида шундай ёзади:
«Уйимиз салкам музхона. Пуф десак оғзимиздан тутун чиқяпти. Яхши ҳам фарзандларим катта бўлиб қолишгани, бўлмаса бағримда, танам иссиғида катта қилармидим? Очиғи, уй совуқ, ишхона совуқ. Ташқарини-ку, айтмай қўя қолай. Ҳозирги қуриладиган кўп қаватли уйларга ҳам печка ёқиш учун мўлжаллаб, мўри жойи ташлаб кетишса бўлар экан...»
Тошкент шаҳридан Фарғонага меҳмонга келган, асли фарғоналик шифокор Муаззам Иброҳимова газ ва свет идораларига боғланиб бўлмаслигига тўхталган:
«Ишонмасангиз, ҲЭТКнинг Фарғона вилоят бўлими сайтида ёзилган телефонга қўнғироқ қилинг. Аввал чақиради, кейин «ожидание», кейин шарт узиб қўйишади, яна чақиради, яна кутасиз, яна узиб қўйишади. Куннинг иккинчи ярмида эса «линия носозлиги учун бу телефон билан боғланиб бўлмайди», деган жавобни оласиз.
Расмий сайтдан раҳбариятнинг телефон рақамларини топишга уриниб кўрдим. Қайда! Учта масъул раҳбарнинг қаерда туғилиб, қайси мактаб, институтни тугатгани, қаерда ишлаб, кеча, бугун нима каромат кўрсатганигача бор. Бироқ, бирортасининг иш ёки қўл телефони қайд этилмаган...»
Учкўприклик Шарифа Мадраҳимова оила аъзолари билан вазирнинг уйига кўчиб боришини истеҳзо қилди:
«Ким эди электр билан газнинг каттаси? Манзилини беринглар! Тўғриси, жондан ўтди ҳаммаси. На газ бор, на электр. Ўша иккала вазирнинг бирорта уйида болаларим, ота-онам, яқинларим, қишлоқдошларим билан қишни ўтказиб келардим».
Kun.uz сайтининг мурожаатлар бўлимига ҳам кўтарилган мавзу доирасида ҳар куни фуқаролардан кўплаб шикоятлар келиб тушади. Билдирилган арзларнинг деярли барчаси электр энергияси, табиий газ етишмаслиги бўйича.
Фарғона тумани, Илғор маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Мукаммал Қосимованинг бизга юборган ушбу мурожаати эътиборимизни тортди:
«Тўғриси, атрофимдаги воқеалардан бўғилиб сизларга ёзяпман. Нега бизда ҳаммаси охирида ё муаммо бўй кўрсатганда қилинади? Қишда газ қувурлари, электр линиялари тузатилиши керак бўлиб қолади. Ёзда эса сув қувурлари. Наҳотки шу нарсаларни олдиндан қилишнинг, мавсумга тайёрланишнинг иложи йўқ? Раҳбарлар ҳам шу одамларнинг ичидан чиқмаганми?
Оқибат шу бўляптики, хоҳлаган мотор қўйиб оляпти, бошқаси яна бошқа йўлини топяпти. Чунки одамлар газ-светдан муаммо бўлса, ҳеч бир ташкилот ёрдам бермаслигини тушуниб қолди.
Мен Фарғона тумани Илғор маҳалласида яшайман. Бу ерда 1621 та хонадонда 6500 дан ортиқ аҳоли яшайди. Мана бир ойдирки, газ паст. Кундузи ўчади, кечки олтиларда ёнади. Қишнинг совуқ кунларида бу қандай ҳаёт энди? Одамлар печка ёқиб уйини иситяпти, тушуняпсизми, кўп қаватли уйда. Намунавий уйда. Намунавий уй-жойлар газ-электр бобида ҳам намуна бўляпти».
Мурожаатлар кўп. Одамларда эса фақат бир истак – шу йил ҳам қишни оилам билан эсон-омон ўтказиб олайлик-да, деган ўй.
Файзулло Султонов тайёрлади.
Мавзуга оид
16:36 / 29.05.2026
Россиядан Ўзбекистонга суюлтирилган газ етказиб бериш 3,5 баробарга ошди
09:30 / 27.05.2026
“Коммерсант”: Россия Арманистонга газ етказиб беришни тўхтатиши мумкин
15:10 / 20.05.2026
Қўқонда 19 ёшли қиз қотилликка қўл урди
20:10 / 15.05.2026