10:00 / 10.01.2021
14149

Илон Маскнинг бойлиги 200 миллиард доллардан ошди

SpaceX ва Tesla компанияларининг раҳбари, яқинда дунёнинг энг бой одамига айланган Илон Маскнинг бойлиги 200 млрд доллардан ошди. Бундан Bloomberg Billionaires Index (BBI) миллиардерлар рейтинги дарак бермоқда.

Фото: Getty Images

Рейтингга кўра, Маскнинг бойлиги яна 14,5 млрд долларга кўпайиб, умумий ҳисобда 209 млрд долларга етган. Маск 7 январда Tesla акциялари нархи 5,38 фоизга қимматлашиши эвазига Жефф Безосни ортда қолдириб, дунёнинг энг бой одамига айланганди. Ўшанда тадбиркорнинг бойлиги 188,5 млрд долларга баҳоланган. 

Янги рейтингда 2-ўринни Amazon асосчиси Жефф Безос 186 млрд доллар билан, 3-ўринни Microsoft асосчиси Билл Гейтс 134 млрд доллар билан эгалламоқда. 

Етакчи бешталикдан Louis Vuitton Moët Hennessy компаниялари гуруҳи президенти Бернар Арно 117 млрд доллар билан ҳамда Facebook асосчиси Марк Цукерберг 101 млрд доллар билан жой олган.  

Аввалроқ Маск Марсда шаҳар қуриш учун барча мол-мулкини сотишга қарор қилгани маълум қилинганди. Тадбиркор унда компаниялар акцияларидан бошқа ҳеч қандай қимматбаҳо мулк қолмаслигини маълум қилган.

Миллиардер Марсда қурилиш амалга ошириш учун катта сармоялар талаб қилинишини ва бу унинг ўз мулкини сотишга қарор қилишига сабаблардан бири эканини таъкидлаб ўтган. 

Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, Маскнинг бойлиги ўтган йилнинг 12 ойи давомида тахминан 100 млрд долларга кўпайган. Таъкидланишича, дунёнинг энг бой 500 кишиси орасида ҳеч ким бундай давр ичида ўз бойлигини бунчалик кўпайтира олмаган.

Безос 2017 йилдан буён дунёнинг энг бой кишиси мақомини ҳеч кимга бермай келаётганди. 

Top