Жаҳон | 16:58 / 11.01.2021
21539
5 дақиқада ўқилади

Алиев ва Пашинян Москвада. Томонлар нимани муҳокама қилади?

Москвада Россия, Озарбойжон ва Арманистон етакчиларининг ўзаро учрашуви бўлиб ўтмоқда. Учрашув ҳақида анча олдин хабарлар тарқалган ва 10 январ куни бу ҳақда Кремл сайтида ҳам расмий хабар берилганди. Путин Алиев ва Пашинянни нега «меҳмонга чақирди»? Томонлар нимани муҳокама қилиши кутилмоқда?

Кремл сайтида айтилишича, уч давлат етакчилари 9 ноябр куни имзоланган тинчлик битимдан сўнг Қорабоғда амалга оширилган ишларни муҳокама қилишади. Шунингдек, ушбу ҳудуд аҳолисига зарур шароитларни яратиш, транспорт ва савдо алоқалари борасида фикр алмашади.

Учрашув Россия президенти ташаббуси билан ўтказилмоқда. Арманистон томонининг маълум қилишича, учрашувлар вақтида бедарак йўқолган ҳарбийлар масаласи бирламчи ҳисобланади.

«Арманистон томони учун асирларни қайтариш, қидирув-қутқарув операцияларини ўтказиш, ҳалок бўлганларнинг танасини топиш ва бедарак йўқолганларнинг тақдири борасида маълумот тўплаш бирламчи масала ҳисобланади», деб ёзган Никол Пашиняннинг матбуот котиби Мане Геворгян.

Айни дамда Москвада музокаралар бошланган. Бу учрашувни музокара дейиш ҳам аслида тўғри эмас, чунки унда икки мамлакат делегациялари тўлиқ таркибда учрашмайди, шунчаки давлат етакчилари вазиятни муҳокама қилишади. Бу Алиев ва Пашиняннинг сентябрда бошланган урушдан кейинги илк учрашуви бўлади.

Озарбойжон учун нима муҳим?

Айни дамда Қорабоғ масаласида Озарбойжон учун энг муҳим жиҳат барча муаммоли жиҳатларни ҳал қилиш. Иқтисодий жиҳатдан ўзига тўқ бўлган ушбу давлат Қорабоғни ривожлантириш учун жуда катта пул сарфламоқчи ва бунинг учун эгаллаган ҳудудлар қайта ҳужумга учрамаслиги муҳим ҳисобланади. Шунингдек, Озарбойжон томонидан эгалланган ҳудудларнинг бир қисмида ҳамон арманистонликлар яшамоқда. Озарлар уларга зўрлик қилаётгани йўқ, уларга Озарбойжон фуқаролигини олган ҳолда ушбу ҳудудда яшашда давом этиш таклиф қилинмоқда.

Алиев Қорабоғдаги арманлар «керак бўлса Еревандаги арманлардан яхши яшаши»ни айтди ва бунинг учун катта пул сарфлашга тайёр. Озарбойжон Қорабоғдаги ўз тасарруфига ўтган ҳудудларни қайта тиклашга 1,3 миллиард доллар сарфлашини маълум қилди. Бу пулга узоқ вақт замондан ортда қолиб яшаган ҳудудларда уйлар, йўллар ва ижтимоий объектлар қурилади. Қорабоғни қўллаб-қувватлаш учун Озарбойжонда бутун бошли фонд ҳам тузилди. Фонд ҳомийлик маблағлари ҳисобига шакллантирилади. Унга истаган одам пул ташлаши мумкин ва йиғилган пуллар Қорабоғ учун ишлатилади.

Алиев урушдан сўнг эгалланган Фузулийдан Шушагача темир йўл қурилишини айтди. Шунингдек, Горадиздан Фузулийгача темир йўл қурилади. Бу икки ҳудудни бирлаштирувчи автомобил йўлини қуриш эса бошлаб юборилган. Алиев Фузулийда халқаро аэропорт қурилишини ҳам маълум қилди. Президентнинг айтишича, бу иш Шушага бораётган хорижлик сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида қилинган. Мана шу катта лойиҳаларни амалга ошириш учун эса Озарбойжонга уруш тикланмаслиги борасида ишонч, имкон бўлса ҳужжат керак.

Бу учрашувдан Путин ютади(ми?)

Юқорида айтилганидек, айни дамда Арманистонда ҳарбийларининг жасадларини топиш ва асирларни қайтаришдан ортиқ даъво йўқ.

Шунингдек, бу учрашувда Россиянинг ҳам ўзига хос мақсадлари бор. Чунки Қорабоғдаги урушда ҳал қилувчи нуқтани ҳар қанақасига Россия қўйди. Агар Россия аралашиб, «тинчликпарвар кучлари»ни киритмаганда Озарбойжон Қорабоғни тўлиқ эгаллаган бўлиши ҳам мумкин эди. Буни Пашиняннинг ўзи ҳам рад этмади. Катта эҳтимол билан Путин Озарбойжон ва Арманистон етакчиларини Россия ҳудудда ҳал қилувчи мамлакат эканини яна бир бор эслатиб қўйиш учун бир стол атрофида учрашувга таклиф қилди. Машҳур бир сиёсатчининг таъбири билан айтганда «бунақаси фақат Путиннинг қўлидан келади».

Албатта, сиёсатда ўзаро можароларни ҳал қилишда бир давлат бошқа икки давлатга воситачилик қилиши доим олқишланган, лекин Россиядаги озар ва арман етакчиларининг учрашувидан Россиянинг мақсади шунчаки воситачилик эмас, ўзининг минтақадаги асосий куч эканини эслатиб қўйиш экани ҳақиқатга яқин. Бу учрашувда томонлар Қорабоғ бўйича қанақадир келишувга эришишини кутиш қийин, чунки бундай келишувлар учун можарога дахлдор икки давлат делегациялари узоқ вақт серияли учрашувлар ўтказиши керак. Хуллас, уч томонлама учрашувдан ким кўпроқ ютишига қарамай, у минтақа учун муҳим аҳамиятга эга бўлади. Чунки кўпчилик иқтисодий инқироз ҳолатида бўлган вақтда яқин атрофдаги урушни ҳеч ким хоҳламайди.

Пашинян учун охирги имконми?

Бугунги учрашув Арманистон бош вазири Никол Пашинян учун охирги имкон деган мулоҳазалар ҳам йўқ эмас. Чунки Пашинян Қорабоғ жангида [кўпчилик арманларнинг ўйлашича] барвақт оқ байроқ кўтаргач, мамлакатда унинг ҳукуматда қолишига қарши намойишлар бошланиб кетди. Ҳатто Пашинянни ўлдирмоқчи ҳам бўлишди ва суиқасднинг олди олинди. Москвадаги учрашувда қандайдир қатъият кўрсатмаса, Пашинян кейинчалик Арманистон ҳукумати раҳбари лавозимида қолиши қийин бўлади. Ҳозирча учрашувнинг фақат расмий томонлари маълум, унинг тафсилотлари эса кейинроқ эълон қилиниши мумкин. Дарвоқе, учрашув бошланишида Алиев ва Пашинян ўзаро қўл бериб кўришмади...

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид