Жаҳон | 19:22 / 11.01.2021
10966
2 дақиқада ўқилади

Туркия С-400 тизимидан фойдаланишга тайёрлигини маълум қилди

Вашингтон Анқарага С-400 ўрнига АҚШнинг Patriot мажмуаларини сотиб олишни таклиф қилганди.

Фото: РИА Новости

Туркия мудофаа саноати котибияти раҳбари Исмоил Демир Россиянинг С-400 зенит-ракета тизимлари фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилганини маълум қилди.

"С-400 фойдаланишга тайёр, қуролли кучлар зарурат бўлганида бу борада қарор қабул қилиши мумкин", - деди Демир.

Бундан ташқари, унинг хабар қилишича, Туркия корхоналари Американинг F-35 бешинчи авлод қирувчи самолётларини ишлаб чиқиш лойиҳасида иштирок этмоқда. 

 Туркия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларда совуқчилик тушишига сабаб бўлган С-400 мажмуалари Туркияга 2019 йил июлдан бошлаб етказилганди.

Вашингтон Анқарага ушбу битимдан воз кечишни ва Туркияга F-35 қирувчи самолётлари сотишни бекор қилиш ва санкциялар киритиш билан таҳдид қилиб, С-400 ўрнига АҚШнинг Patriot мажмуаларини сотиб олишни таклиф қилганди.

 Бироқ Анқара ён босишни истамаган ва Россия билан С-400’нинг қўшимча партияларини сотиб олиш бўйича музокараларни давом эттирганди.

2020 йил декабрда АҚШ С-400 зенит-ракета мажмуалари сотиб олингани учун Туркия мудофаа саноати котибияти, унинг раҳбари Исмоил Демир ва яна уч мансабдор шахсига нисбатан санкциялар жорий этди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид