Ўзбекистон | 14:35 / 12.01.2021
10890
2 дақиқада ўқилади

2021 йил солиқ сиёсати. ДСҚ эътиборида бўлган асосий масалалар маълум қилинди

Солиқ базасини яшириш ва солиқ тўлашдан қочиш мақсадида маҳсулот нархларини пасайтириш ҳолатлари юзасидан чоралар кучайтирилади. Қўшилган қиймат солиғини(ҚҚС) қайтариш билан боғлиқ ҳолатлар қайта кўриб чиқилади.

Давлат cолиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Mубин Mирзаев 11 январ куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида давлат бюджети ижросига хавфи юқори бўлган 5та йўналиш белгилаб олинганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Импорт товарлар етказиб берувчи 1700дан ортиқ корхоналар 10 триллион сўмдан ортиқ хорижий маҳсулотларни олиб кирган, аммо «1,4 триллион сўмлик маҳсулот сотганман, қолганини сотганим йўқ», деб умумий миқдорнинг 13 фоизини кўрсатяпти, бу солиқ базасини яшириш ҳолатларига олиб келяпти», – деди Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари.

Раиснинг биринчи ўринбосарига  кўра, солиқ тўлашдан қочиш мақсадида маҳсулот нархларини пасайтириб, ҳисоботларни тақдим этиш ҳолатлари ҳам учраб турибди ва жорий йилда бунга қарши чоралар кучайтирилади.

Бундан ташқари, қўмита томонидан қўшилган қиймат солиғини(ҚҚС) қайтариш билан боғлиқ ҳолатлар қайта кўриб чиқилади.

Таъкидланишича, кўп корхоналар, экспорт қилувчи фирмалар сохта битимлар тузиб, тўланмаган ҚҚС солиқларини давлат бюджетидан ундириш ҳолатлари содир бўлган. Бунинг олдини олиш мақсадида, электрон ҳисоб-фактуралар тизими жорий қилинди ва ҳужжатлар алмашинуви тўлиқ автоматлаштирган ҳолда товарларни ишлаб чиқаришдан то унинг сотувигача бўлган даври таҳлил қилиниши режалаштирилган.

Мубин Мирзаевнинг айтишича, жорий йил давомида давлат бюджети қўшимча захира манбалар билан тўлдирилиши мақсад қилинган.

Бюджетнинг ялпи ички махсулотга (ЯИМ) нисбатан 1 фоиз тақчиллигини камайтириш ва яна 1 фоиз миқдорда қўшимча захираларни топиш асосий мақсадлардан биридир.

Аввалроқ, Молия вазирлиги 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига киритилган асосий ўзгаришларни маълум қилганди.

Мавзуга оид