Ўзини ўзи банд қилувчилар рўйхатидан ўчириладиган 34 хил фаолият тури қайси асосларга кўра танлаб олинди, нега новвойга мумкин-у, сартарошга мумкинмас? Kun.uz'нинг бу саволига жавобан, Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари барчага тенг шароит яратиш зарурлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, рўйхатни қайта кўриб чиқишда бу иш билан шахснинг якка ўзи шуғуллана оладими-йўқми, деган мезондан келиб чиқилган.
2026 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари 104 тадан 72 тага қисқаради. Сартарошлик, фото-видео хизматлари, автомобил таъмирлаш, деҳқон бозорларида савдо қилиш, ширинлик ва салат тайёрлаб сотиш, гид-таржимонлик, риэлторлик, копирайтерлик, репетиторлик каби 34 тоифадаги фаолият турлари рўйхатдан чиқарилади.
Хўш, бу 34 тоифа қайси асосларга кўра танлаб олинди? Келаси йилдан бошлаб ўзини ўзи банд қилиш нега мисол учун, новвойга мумкин бўлади-ю, сартарошга мумкин бўлмайди?
Kun.uz мухбири АОКАдаги матбуот анжуманида Солиқ қўмитаси масъулларига шу савол билан юзланди.
“Ўзини ўзи банд қилганлар бўйича кенг рўйхатни шакллантиргандик. Бу республикада фаолият юритаётган тадбиркорлар фаолиятини тўлиқ легаллаштириш мақсадида қилинган эди. Биз бу натижага эришдик. Яъни 4 млн нафардан ортиқ фуқаро ўзини ўзи банд қилиб, Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатишни бошлади. Бу қувонарли рақам”, деди Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев.
Унинг сўзларига кўра, иккинчи масала – тадбиркорлар учун тенг шароитлар яратиб бериш. Уларнинг “ноқонуний йўлга кирмаслигини таъминлаш мақсадида” рўйхат қисқартириляпти.
“Бизнинг мақсадимиз, биринчи навбатда солиқ тушумлари эмас. Энг асосий устувор вазифа – бир хил тоифадаги тадбиркор учун тенг шароит яратиб бериш. Яъни тадбиркорлар ривожланиши керак. Ривожланишга тўсқинлик қилиндими, уни тўғрилашимиз лозим. Тадбиркорлар нотўғри йўлга кирмаслиги учун шу иш қилиняпти.
Фараз қилайлик, битта савдо дўкони бор, у якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтяпти. Ёнидаги дўкон эгаси эса ўзини ўзи банд қилган. Биттаси солиқ тўлайди, биттаси тўламайди. Иккаласига 2 хил шароит бўлгандан кейин, рақобат муҳитини бузади, ишлаш имкониятини бермайди. Биз шунинг рўйхатини шакллантирдик, ўзини ўзи банд қилганлар шу ишни бир ўзи қилиши мумкин, унга 2-3 нафар одам шартмас. Бу рўйхат хуфиёна иқтисодиёт бўйича муҳокамада турибди”,













