Ўзбекистон | 14:22
4062
2 дақиқада ўқилади

Мубин Мирзаев ишдан олинди

Қўмитада етти йилдан буён ишлаб келаётган Мирзаевнинг лоқайдлиги ва масъулиятсизлиги танқид қилинган.

Фото: Kun.uz

Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Муҳиддинович Мирзаев лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент раислигидаги видеоселекторда маълум қилинди.

Давлат раҳбари Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси томонидан Чорсу бозорида тўлов интизоми жойига қўйилмагани, Малика савдо комплексида эса аҳвол бундан ҳам аянчли эканини кўрсатиб ўтган.

Комплексда 1,5 мингга яқин тадбиркор фаолият юритса-да, уларнинг фақат тўртдан бири рўйхатдан ўтган, 25 фоизи ойига 1 миллион сўм ҳам солиқ тўламаяпти. Шунингдек, декабр ойида пластик карталар орқали ечиб олинган 600 миллиард сўмлик савдо тушуми яширилган.

Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бюджет режасини яхши ишлаётган тадбиркорларга ортиқча тўлов қилдириш ҳисобидан бажараётгани, жумладан, 46,4 минг корхонадан 876 миллиард сўм ортиқча тўлов ундирилганини қайд этилган.

Солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғидан сунъий ортиқча тўлов ҳосил қилиш орқали уни бюджетдан ноқонуний қоплаш ҳолатлари кўпайган. Ўтган йилда мазкур солиқни ноқонуний қайтариш бўйича 20 нафар солиқ ходимига жиноят иши қўзғатилган.

«Ушбу йўналишга жавобгар бўлган, етти йилдан бери ишлаб келаётган қўмита раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг лоқайдлиги ва масъулиятсизлиги кўрсатиб ўтилди», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Маълумот учун, Мубин Мирзаев 1969 йилда туғилган, Тошкент давлат университетини ва Тошкент Молия институтини тамомлаган, Япония сиёсий тадқиқотлар миллий институти магистри ҳисобланади. У 2006–2008 йилларда Марказий банкда монетар сиёсат ва иқтисодий таҳлил департаментини бошқарган.

Муқаддам Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Мубин Мирзаев 2017 йил августида Иқтисодиёт вазирининг Макроиқтисодий сиёсат, базавий тармоқларни ривожлантириш ва халқаро молия институтлари билан ишлаш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.

2018 йил декабридан буён солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари лавозимида ишлаётганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид