Ўзбекистон | 11:23 / 12.01.2021
73390
7 дақиқада ўқилади

Талабалар Тошкентга қайтди. Тошкент уларни севмайди

Олий таълим масканлари 11 январдан анъанавий таълимга қайта бошлади. Kun.uz Ўзбекистон пойтахтининг асл уйсизлари муаммосини ўрганди.

Ўзбекистондаги ОТМлар турар жойга талабгор талабаларнинг 27 фоизини ётоқхона билан таъминлай олади холос.

Турар жойга муҳтож ҳар 10 нафар талабадан 7 нафари ўзи учун бошпана топишга мажбур.

Айни кунларда талабалар пойтахтга қайтмоқда. «Квартира» бозорида талаб бирданига ошган, шунга яраша нарх ҳам кўтарилган.

Боз устига, аксарият уй эгалари талабаларни ижарага қўйишни истамайди. Улар кўп ҳолларда уйини қонуний никоҳдан ўтган оилага ижарага беришни маъқул кўради.

Kun.uz мухбири талабаларнинг турар жойи муаммосини ўрганиш учун Тошкентдаги уй бозорида талабалар, маклерлар ва уй эгалари билан суҳбатлашди. Муаммо ечими юзасидан эса масъулларга мурожаат қилди.

Уй бозорида сарсон студентлар

«Чилонзор» метро бекати яқинидаги уй бозори шу кунларда талабалар билан гавжум. Уларнинг кўпчилиги бу ерга биринчи марта келиши эмас.

Улардан ишлар қалай деб сўрасангиз, аксарияти бир хил жавоб беради: «Студентларни қўймаймиз дейишяпти», «Нархлар ошиб кетибди».

Маклерлардан бирининг айтишича, уй эгалари доим талабалардан нолийди: «Квартира пулини вақтида тўламайди», «Уйнинг тозалигига беэътибор», «Келишилгандан кўп одамни уйга олиб келади» ва ҳоказо.

«Уй эгалари кўпинча оила сўрашади. Талабалар тозаликка риоя қилмаслиги, уйга нотаниш одамларни олиб келишидан шикоят қилишади. Талабалар аксарият ҳолларда уй эгасининг ишончини йўқотган, коммунал тўловларни вақтида тўламаган», – дейди маклер.

«Кечирасиз-у, талабалар 3–4 киши турамиз дейди-да, 8–10 киши бўлиб кетади. Ҳаммаёқни чирк бостириб юборади», – дейди уй эгаларидан бири.

«Уйни яхши сақламайдиган, бетартиб талабалар касрига ораста яшовчи кўплаб талабалар уй тополмай сарсон бўляпти», – деди уй излаётган талаба.

Ижарага квартира йўқ эмас, бор, лекин нархи...

Маълум бўлишича, ҳозир Тошкент шаҳридан 1 хонали ижара уйларни ҳамёнбоп нархда топишнинг деярли имкони йўқ.

«Бир хонали, метродан анча узоқ, транспорт бориши қийин жойлардаги уйларни 230 доллардан ижарага беряпти. Устига-устак уйга фақат 2 киши қўя оламиз, дейишди. Бу дегани 1 кишига 115 доллардан тўғри келади.

Ўзимиз карантинда қийналиб, контрактни стипендиясиз тўладик. Бундай нархда туришга имкониятимиз етмайди», – дейди Шарқшунослик институти талабаси Жўраев Нурали.

Квартира пули долларда ҳисоб-китоб қилинади – уй эгалари шуни талаб қилади. Бу дегани, доллар курси ошиши талабанинг ижара харажатларини ҳам оширади.

Ижара ҳақи кўпинча коммунал тўловларни ўз ичига олмайди. Яъни бунинг учун алоҳида тўлашга тўғри келади.

Дарвоқе, маклер ҳақи ҳам бор. Уй бозоридаги қоидага кўра, маклерга биринчи ойдаги ижара пулининг ярми тўланади. Яъни квартира 300 долларга келишилса, маклер хизмати учун 150 доллар тўлаш зарур.

Яшашга жой тополмаётган талабалар онлайн ўқиши мумкинми?

Абдували Холиқов

Бу саволга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов қуйидагича жавоб берди:

«Ноябр ойида, анъанавий таълимга қайтилган вақтда ОТМлар ҳар бир талабани алоҳида ўрганиб, уларнинг касаллиги, ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, масофавий таълимда қолиш имкониятини бериб келди. Aммо бу тоифага тушмайдиган, барча шароити бор талабаларнинг масофавий таълимда қолиш имкониятлари бу сафар йўқ.

Талаба билимли мутахассис бўлиб етишиши учун анъанавий таълимда ўқиши керак. Хоҳлаймизми-йўқми, масофавий таълим сифати анча фарқ қилади».

Вазирлик вакили анъанавий кундузги таълимга имконияти етмаётган талабалар ўқишини сиртқи ёки кечки таълим шаклига ўтказиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Ҳукумат нима қилмоқчи?

Ноябрь ойида Kun.uz'да эълон қилинган мақолада талабалар турар жойлари борасидаги хориж тажрибаси мисол қилиб келтирилган эди. Гап нима ҳақида кетаётганини пайқаш учун Японияда қурилган талаба уйларидан айримларининг суратларига қараш кифоя:

Ўзбекистонда ОТМларга қабул квоталари йилдан йилга ошяпти. Шундай шароитда талабалар хотиржам ўқиб, яшаши учун давлат нималар қилмоқчи?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Отабек Базаровнинг маълум қилишича, ҳозир республика бўйича 600 мингдан ортиқ талаба таҳсил олса, шундан 218 мингдан ортиғи турар жойга муҳтож. Ётоқхоналар сони 227та, улардаги ўринлар турар жойга муҳтож талабаларнинг 27 фоизига етади. Қолган 70 фоиз талаба қариндошиникида ёки ижарада яшашига тўғри келади.

Отабек Базаров

«Хўш, бу борада нима иш қилиняпти, деган савол туғилиши табиий. Ҳозирги кунгача давлат-хусусий шерикчилик асосида талабалар турар жойи қуриш тажрибаси мавжуд эмас эди. Бу йилдан бошлаб, талабаларни турар жой билан қамраб олиш концепциясини ишлаб чиқдик. Унга кўра, ДХШ асосида ҳар бири 400 нафардан талабани сиғдирадиган талабалар турар жойлари қурилиши режалаштириляпти.

Бу борада 2021–2025 йилга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиб, таклиф сифатида киритдик. Бу тасдиқланадиган бўлса, 2021 йилнинг ўзида 21та ТТЖ қурилади ва қўшимча 8200 талаба ётоқхона билан таъминланади», – деди вазирлик бошқарма бошлиғи.

Унинг айтишича, ўз уйидан узоқда яшовчи, демакки турар жойга муҳтож талабаларнинг ётоқхона билан таъминланиши кўрсаткичини 2020/21 ўқув йили охиригача 35–36 фоизга, 2025 йилгача 50 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

2030 йилгача эса мотел ва ҳостеллер ҳам қурилиб, уларнинг ҳисобига талабаларнинг 90 фоизга яқини турар жойга эга бўлиши кўзда тутиляпти. Эслатиб ўтамиз, бу – ҳозирча лойиҳа; у ҳали тасдиқланганича йўқ.

Мақоламизни мухтасар таъкид билан якунламоқчимиз: Чинакам тараққиётни кўзлаган давлат толиби илмларни бошига кўтариши, уларга шароит қилиб бериши керак.

Зуҳра Абдуҳалимова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид