Ўзбекистон | 09:34 / 13.01.2021
12771
1 дақиқада ўқилади

Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди

“Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди. 

Адлия вазирлиги хабарига кўра, қонун билан Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 

Киритилган ўзгартиришларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди.

Инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг иқтисодий судларга тааллуқли эканлиги белгиланди. 

Ишлар инвестициявий низо бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид иш бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра Олий суд томонидан кўрилади.

Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Эндиликда прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин.

Бизнес омбудсманга ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, Олий суд судьяси кассация шикояти бўйича иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги белгиланди. 

Назорат инстанцияси бекор бўлган бўлса-да, кассация тартибида кўрилган иш такроран кўрилиши мумкин.

Мавзуга оид