08:41 / 14.01.2021
5836

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларининг вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 820-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди. Марказлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида ташкил этилади, уларга қуйидаги вазифалар юклатилади:

замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда «Оила - муқаддас», «Соғлом оила - соғлом жамият», «Оила - жамият ва давлат ҳимоясида» ва «Фаровон оила - жамият равнақининг асоси» концептуал ғояларини никоҳланувчилар онгига сингдириб бориш;

никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлаш;

оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни ҳурмат қилиш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантириш.
 
Марказларда ФҲДЁ органларига никоҳни қайд этиш учун ариза берган ва ўқув машғулотларида қатнашиш учун розилиги олинган 30 ёшдан ошмаган никоҳланувчи шахслар ўқув юкламаси ҳажми 16 соатдан кам бўлмаган дастур асосида бепул ўқитилади.
 
Марказлар фаолиятини молиялаштириш манбалари – Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар ҳомийлик хайриялари ҳамда ХМИ грантлари.

Top