08:48 / 16.01.2021
11379

Ерни ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик белгиланди

“Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига қўшимчалар киритилди. 

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, ерни ноқонуний олиб қўйиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача (22 млн 300 минг сўмдан 33 млн 450 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Агар мазкур ҳуқуқбузарлик мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача (33 млн 450 минг сўмдан 44 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.

Жиноят кодексига маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран ерларни ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахсларга қуйидаги жазо чораларини белгиловчи қўшимча киритилди:

  • базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 250 бараваригача (44 млн 600 минг сўмдан 55 млн 750 минг сўмгача) миқдорда жарима;
  • 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
  • 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

Мазкур жиноят мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилса мансабдор шахс 3 йилгача, кўп миқдорда зарар келтирса 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ерни ноқонуний олиб қўйиш мулкдорга жуда кўп миқдорда зарар етказса ёки кўпчилик учун хавфли бўлган усулда содир этилса, мансабдор шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум этилиб, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Top