Ўзбекистон | 17:12 / 18.01.2021
12351
7 дақиқада ўқилади

Давлат дастурида солиқ соҳаси бўйича 7та таклиф илгари сурилди

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги президент фармони лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Давлат дастурида солиқ ислоҳотларини амалиётга самарали жорий этиш, солиқ маъмуриятчилигини шаффоф йўлга қўйиш, солиқ юкини камайтириш ва соддалаштириш, шу асосда ишлаб чиқаришни ва солиққа тортиладиган базани кенгайтириш мақсадида 7та таклиф илгари сурилган.

1.  Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш.

Жорий йил давомида Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги томонидан электрон ҳисобварақ-фактураларнинг тўлиқ жорий этилишини таъминлаш, шунингдек, рақамли маркировкани жорий этиш кутилмоқда. Шунингдек, товар-моддий захираларни ва товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун электрон шартномалар (ишончномалар) алмашинувини жорий этиш назарда тутилади.

2.  ДСҚ ахборот тизимлари комплексининг халқаро стандартлар асосида ягона платформасини ишлаб чиқиш.

2021 йилнинг ноябр ойига қадар, тадбиркорлик субъектлари томонидан мажбуриятларни бажаришни енгиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш таклиф этилмоқда. Тегишли ваколатли вазирликлар томонидан солиқ маъмуриятчилигини автоматлаштиришда фойдаланиладиган ахборот тизимлари комплексининг ягона платформасини яратиш вазифаси бажаралиши керак. Шунингдек, маълумотларни визуализация қилиш тизимларини жорий этиш ҳамда ахборот тизимларини стандартлаштириш назарда тутилади.

3.  Солиқ аудитининг ҳар бир қадамини автомат тарзда қайд этиб борадиган ва унинг ижросини назорат қиладиган тизимларни (Case Management System) (Case Assesment System) яратиш.

2021 йил ноябрга қадар, солиқ тўловчиларни сегментлаш, хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, инсон омилини тўлиқ бартараф этган ҳолда, солиқ назоратини амалга ошириш имкониятини яратиш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, жамоатчилик назорати остида назорат тадбирларини амалга ошириш ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда солиқ маъмуриятчилиги шаффофлигини таъминлаш белгиланмоқда.

Шу йили солиқ аудити, камерал ва сайёр солиқ текширувларини “Таҳлика-таҳлил” дастурий маҳсули натижаси бўйича таваккалчилик тоифасидан келиб чиққан ҳолда ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида қатъий равишда “tekshiruv.soliq.uz” портали орқали амалга ошириш назарда тутилади.

4.  Ўзбекистон Республикасида сотиладиган товарларнинг ягона электрон таснифлагич тизимини ишлаб чиқиш ва онлайн назорат-касса машиналари, электрон ҳисобварақ-фактуралари, маркировкалаш тизимларига интеграциялаш.

Бунда маҳсулотларни ноқонуний олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотиш ҳолатларининг олди олиш; алоҳида турдаги маҳсулотларнинг қонуний айланмасини таъминлаш механизмини тубдан такомиллаштириш; ишлаб чиқариш ҳажмини, омборлардаги қолдиқларни ва маҳсулот реал вақт режимида жўнатилишини назорат қилиш механизмларини жорий этиш; электрон ҳисобварақ-фактураларнинг тўлиқ жорий этилишини таъминлаш, рақамли маркировкалашни жорий этиш; товар-моддий захираларни ва товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун мажбурий равишда электрон шартномалар (ишончномалар) алмашинувини жорий этиш; товарлар ва хизматлар турлари бўйича ягона таснифлаш тизимини жорий этиш назарда тутилади.

5.  Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш маъмурчилигини такомиллаштириш.

Шу йили Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигида маркшрейдерлик хизматини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Қолаверса, солиқ назорати тадбирлари давомида қазилмалар ҳажмини яшириш (камайтириб кўрсатиш) аниқланган тақдирда, яширилган (камайтириб кўрсатилган) норуда фойдали қазилмалар учун белгиланган амалдаги солиқ ставкасининг икки баравари миқдорини қўллаш амалиёти жорий этилиши мумкин.

Бундан ташқари, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олувчидан истеъмолчигача бўлган жараённи мониторинг қилиб борувчи дастурий маҳсулни (тизимни) яратиш; қурилиш корхоналари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи субъектлар томонидан фойдаланилган норуда қазилмалар ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиш жорий қилинади.

6.  Тенг рақобат шароитини яратиш ва қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш.

ДСҚ ва Молия вазирлиги томонидан лойиҳада ҳақиқатан қўшилган қиймат солиғи суммаларини тўлаган ишончли солиқ тўловчиларга тезлаштирилган тартибда солиқ суммасини қайтариш назарда тутилади.

7.  Солиқ хизматларини кўрсатишни янги босқичга чиқариш ва халқаро стандартларга мослаштириш, солиқ органларини “хизмат кўрсатувчи” юқори технологияли ташкилотга трансформация қилишни давом эттириш.

Лойиҳада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ҳамда жисмоний шахслар тўғрисида ягона марказлаштирилган ахборот манбайини шакллантириш ҳамда марказий маълумотлар базасида давлат хизматларини кўрсатиш ва давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш учун зарур бўлган маълумотлар манбайи бўлган давлат ахборот ресурсини жамлаш назарда тутилади.

Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишнинг ягона стандартларини ишлаб чиқиш ва кўрсатиладиган хизмат турларини кенгайтириш ва солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасидаги бизнес жараёнларини такомиллаштириш кутилмоқда.

Шунингдек, солиққа оид ҳуқуқбузарликка чора кўришни босқичма-босқич автоматлаштириш орқали соддалаштириш; “солиқ юки калькулятори” ва “Бизнес-навигатор” интерактив хизмат турини яратиш; “Soliq” мобил иловасида ўзини ўзи банд қилган шахслар учун умумреспублика банклараро процессинг маркази (Uzcard) билан ҳамкорликда қўшимча имконият ва хизматлар яратиш вазифалари белгиланган.

Бундан ташқари, ишончли солиқ тўловчиларни ҳимоя қилиш мақсадида “шубҳали” солиқ тўловчилар рўйхати шакллантирилган ҳолда, унга киритилган субъектлар рўйхати доимий янгилаб бориш назарда тутилади.

Маълумот учун, президент фармон лойиҳасини 10 кун мобайнида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишдан мақсад – жорий йилги Давлат дастурини фуқаролар, халқаро экспертлар, тегишли вазирлик ва идора мутахассислари, бизнес доира ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда янада такомиллаштиришдан иборат.

Мавзуга оид