Жамият | 15:44 / 20.01.2021
81122
3 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонда жинсий тажовузга учраган ўқувчи қиз ўн кундан бери қидирилмоқда

Каттақўрғон шаҳрида яшовчи, 2004 йилда туғилган П.Э.ни яқинлари 2021 йил 10 январдан буён қидирмоқда. Қариндошларининг Kun.uz`га маълум қилишича, қиз сўнгги кунларда жуда қаттиқ стресс ҳолатида бўлган. У 2020 йил 2 декабрь куни ўзининг номусига тажовуз қилган фуқаронинг ҳамон озодликда юрганидан аламда эканини айтган.

Вилоят прокуратураси ҳолат бўйича баёнот берди. Унга кўра, 2021 йил 2 январ  куни П.Э. Каттақўрғон туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унда фуқаро И.С. ўзининг «Матиз» машинасида уни Каттақўрғон шаҳар Чинобод маҳалласи ҳудудига олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига теккани, бошқа бир фуқаро С.Р. ҳам «ВАЗ 2106» машинасида уни Каттақўрғон туманида жойлашган сув омбори ҳудудига олиб бориб, зўрлаб, жинсий алоқа қилганини кўрсатиб, уларга нисбатан чора кўришни сўраган.

Ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБ ТБ терговга қадар текширув бошлаган, воқеа жойи кўздан кечирилган. Ишга алоқадор шахсларнинг кўрсатувлари олиниб, вояга етмаган П.Э.нинг танасида тан жароҳатларига аниқлик киритиш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Тўпланган далилларга асосан ЖКнинг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда жиноят иши юзасидан ҳудудий тегишлилиги бўйича Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Прокуратура ахборотига кўра, П.Э.нинг аризасида кўрсатилган фуқаро С.Р. 2021 йил 13 январ куни Каттақўрғон туман Саройқўрғон маҳалласида жойлашган ўз уйида вафот этгани аниқланган.

Фуқаро С.Р.нинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан Каттақўрғон туман прокуратураси терговга қадар текшириш ўтказмоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 14 январ куни Каттақўрғон шаҳар прокуратурасига фуқаро С.С. ариза билан мурожаат қилиб, унда вояга етмаган фарзанди П.Э. 10 январ куни уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмаганини маълум қилган.

Бу ҳолат бўйича ҳам шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

П.Э.нинг яқинлари қизнинг зўравонлик қурбони бўлгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилаётган терговга қадар ишлардан норози эканини билдириб, Kun.uz сайтига мурожаат қилган. Kun.uz тез орада воқеа юзасидан журналистик суриштирув бўйича тайёрланган материални эълон қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Kun.uz Каттақўрғон туманида машҳур хонанда Жасур Умиров жиноий шериклари билан вояга етмаган қизнинг номусига теккани, аммо ИИБ жиноий иш очишни рад этгани ҳақида материал эълон қилган эди.

Кейинчалик ҳолат юзасидан жиноят иши  қўзғатилиб, Жасур Умиров эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди. Хозирда хонандага оид жиноят иши Каттақўрғон туман судида ёпиқ шаклда кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид