Иқтисодиёт | 14:12 / 21.01.2021
6984
2 дақиқада ўқилади

2020 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 13,1 фоизга камайди

2020 йилнинг январ-декабр ойлари якунлари бўйича республиканинг ташқи савдо айланмаси 36,3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 миллиард АҚШ долларига ёки 13,1 фоизга камайди.

Давлат статистика қўмитаси ахборотига кўра, ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 15,2 миллиард АҚШ долларини (13,4 фоизга камайган), импорт ҳажми 21,1 миллиард АҚШ долларини (12,8 фоизга камайган) ташкил қилган.

2020 йил давомида Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги асосий шериги сифатида Хитой қайд этилган. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 6,43 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган. Шундан 1,93 миллиард АҚШ доллари экспорт улушига, 4,5 миллиард АҚШ доллари импорт улуши эканлиги маълум қилинган. Ўртадаги салбий сальдо – 2,57 миллиард доллар.

Ўтган йил давомида Ўзбекистоннинг савдо шериклари орасида Россия иккинчи ўринда (ўзаро ташқи савдо айланмаси 5,6 миллиард АҚШ доллари ,шундан экспорт 1,5 миллиард АҚШ доллари, импорт 4,1 АҚШ доллари) қайд этилган. Кейинги поғоналарда Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия, Қирғизистон, Германия жой олган.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 10та йирик ҳамкор давлатлар орасидан фақат 2таси билан (Қирғизистон ва Афғонистон) актив ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 8та давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси қайд этилган, яъни улардан импорт қилиш экспортга қараганда кўп кузатилган.

Ташқи савдо айланмасининг 2020 йил июл ҳамда август ойларида кескин ўсиши кузатилгани олтин экспортининг ошгани билан изоҳланган.

2020 йилнинг июл–сентябр ойларида Марказий банк 34,9 тонна олтин экспорт қилганлиги ҳақида маълумот берилганди. Бу очиқланган маълумот бўйича, Ўзбекистон тарихидаги рекорд олтин экспорти ҳисобланади.

Аввалроқ, жорий йилнинг 14 январ куни «2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланганлиги ва жорий йил давомида экспорт салоҳиятини тиклаш ва кенгайтириш бўйича ишлар ҳақида маълумот берилганди.

Маълумот учун, 2019 йилнинг январ-декабр ойлари якуни бўйича республиканинг ташқи савдо айланмаси 41,75 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

Мавзуга оид