Ўзбекистон | 07:52 / 22.01.2021
7191
4 дақиқада ўқилади

Андижондаги «Мурувват-2020» хайрия лойиҳаси 800та оилага мунтазам кўмак бермоқда

Лойиҳа ташаббускорлари жами 800 та хонадон, 1700 нафардан зиёд етим болаларга ҳар икки ҳафтада озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатмоқда.

Ўзбекистонда пандемия кучайган даврда моддий томондан қийналиб қолган оилаларга кўмак бериш мақсадида тадбиркорлар ва фаоллар хайрия лойиҳалари ташкил этишганди. Шундай акциялардан бири – Андижондаги «Мурувват-2020» лойиҳаси ҳозир ҳам фаолиятини давом эттиряпти.

Лойиҳага 2020 йил август ойида, Андижон шаҳрида 7 нафар ёш тадбиркор ташаббуси билан старт берилган. Ташкилотчилар боқувчисини йўқотган кўплаб оилаларга саховатпеша инсонларнинг эҳсонларини етказиб бермоқда.

«Мурувват-2020» хайрия лойиҳамиз 7 августда иш бошлаган. Ўшанда илк марта 50 та хонадонга ёрдам кўрсатгандик. Бугунга келиб, саховатпеша инсонларнинг эҳсонлари туфайли ёрдам олаётган хонадонлар сони 800 тага етди.

Асосий мақсадимиз – боқувчисини йўқотган оилаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш. Битта оилага бир ойда икки марта борамиз. Икки жумада бир марта. Бу ҳафта 400 та хонадонга борсак, кейинги ҳафта яна 400 та хонадонга борамиз. Жами 800 та хонадон, 1700 нафардан зиёд етим болалар, яъни отасини, боқувчисини йўқотган болалар бор.

Бу ишни даставвал 7 та синфдош бошлаганмиз. Аввал бошида ҳамма ишни ўзимиз қилар эдик. Ҳатто ёрдамчилар ҳам йўқ эди. Бугунги кунда эса, мана кўряпсиз, 100дан зиёд волонтёрларимиз бор. Ҳаммаси холис хизматда. Уларнинг орасида жума куни ўзининг машинасида келиб, хонадонларга боришда ёрдам берадиганлар жуда кўп.

Эҳсон сифатида тарқатилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари турлари эса 33 хилга етди», – дейди лойиҳа ташкилотчиларидан бири Сардорбек Ғофуров.

Иш жараёнини кузатиб, волонтёр ёшлар билан ҳам суҳбатлашдик.

«Ҳар пайшанба куни келиб, етимлар ва мискин инсонлар ҳолидан хабар олиш учун маҳсулотларни қадоқлаш ишларига ўз ҳиссамизни қўшяпмиз. Ҳозир хонадонлар учун мўлжалланган шакарни бир килограммдан қадоқлаш ишлари олиб бориляпти.

Асли ишимиз тадбиркорлик. Бўш вақтимизда ҳар пайшанба, жума кунлари келиб, хайрия ишига ҳиссамизни қўшамиз», – деди Муҳаммадмирзо Маликов.

Макарон қадоқлаш билан банд Диёрбек Ниёзов бу маҳсулотларни «Дамас» автомобилида ташишда ҳам ёрдам беради.

«Ҳар пайшанба куни дўстларимиз билан шу ерга келиб, қадоқлаш ишлари билан шуғулланамиз. Жума куни бу маҳсулотларни оилаларга тарқатиш учун ўзимнинг «Дамас» автомашинамда ёрдамга келаман. Ўзи бизнинг касбимиз савдогарчилик. Бўш пайтимизни эзгу ишга сарфлаётганимиздан хурсандмиз. Холис ёрдам беришни ўзимиз хоҳлаб, шу ерга келяпмиз», – дейди у.

«Мурувват-2020» лойиҳаси ташкил этилганидан буён кўплаб саховатли инсонларнинг моддий ва маънавий кўмагида ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда. Ташкилотчилар келгусида ҳам эзгу ишлар кўламини кенгайтиришни мақсад қилишган.

Эҳсон лойиҳасига сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшишингиз мумкин. Саховатингиз кўплаб оилаларга қувонч олиб киришини, далда беришини унутманг. Яхшилик қилишдан чарчаманг, азиз ватандош.

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун маълумотлар:

Uzcard : 8600 1404 4016 5448 (Axmedov Sardorbek номида)

Humo: 9860 0301 6510 8553 (Axmedov Sardorbek номида)

Мурожаат учун телефон: +998 91 600 55 55 (Sardorbek G’afurov)

Мавзуга оид