Иқтисодиёт | 20:32 / 22.01.2021
40742
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон банкларида жорий этилаётган «ислом дарчалари» нимани англатади?

Ўзбекистонда Ислом молияси амалиётга кириб келиши арафасида бир нечта тижорат банклари ўз фаолиятида «ислом дарчалари»ни ташкил этмоқда. Қуйида унинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилади.

«Ислом тараққиёт банки» гуруҳи таркибига кирувчи «Хусусий тармоқни ривожлантириш ислом корпорацияси» (ICD) Ўзбекистон тижорат банкларида ислом молия дарчалари («ислом дарчалари») очиш юзасидан музокаралар олиб бораётганлиги, ушбу масалада бир нечта банк билан шартномалар имзоланганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Қуйида ислом дарчалари нима эканлиги ва улар қандай фаолият олиб бориши юзасидан маълумот берилади.

«Ислом дарчалари»

Ислом банкчилиги ривожланиши натижасида анъанавий банклар томонидан ҳам бу соҳага бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Натижада, ушбу молия муассасалари ўзларининг мавжуд инфратузилмаларидан фойдаланган ҳолда «ислом дарчалари» деб аталадиган бўлинмаларни ишга тушира бошлади.

Мазкур ташаббус, ислом банкчилигига талаб юқори бўлган жойларда анъанавий банклар учун янги имкониятлар тақдим этди. Бироқ «ислом дарчалари»ни очмоқчи бўлган банклар ўз таркибида ислом фиқҳи, ислом молияси ва ҳуқуқи бўйича олимлар/экспертлар, ҳамда банк иши мутахассислари бўлган мустақил шариат қўмитасига эга бўлишлари керак.

Ислом молияси тамойиллари асосида фаолият юритиш учун, яъни мижозларга ислом молия маҳсулот ва хизматларини таклиф қилиш ва битимларни ислом молияси талабларига мувофиқ равишда тайёрлаш ана шу шариат қўмитаси қарорлари асосида ва назорати остида амалга оширилади. Акс ҳолда бундай дарчалар фаолиятини ислом молияси тамойилларига мос дейиш мумкин бўлмайди.

«Ислом дарчаси» – анъанавий молия муассасалари қошида махсус бўлинма/филиал ёки шохобча шаклида ташкил этилади. Бундай шохобчаларни тузишдан асосий мақсад – анъанавий банк муассасалари маҳсулот ва хизматларидан эмас, балки ўз диний қарашлари туфайли ислом молияси тамойиллари доирасида фаолият юритувчи молия муассасалари билан ишлашни афзал кўрувчи мижозлар эҳтиёжини қондириш ва шу орқали бор мижозларни сақлаб қолиш, ҳамда банкка янги мижозлар жалб қилиш. Анъанавий банкларнинг ислом дарчалари очишдан яна бир мақсади тўлақонли ислом банклари билан рақобат имкониятларини оширишдир.

«Ислом дарчалари»нинг шариат бўйича талқини

Ислом молиясидан яхши хабардор бўлган уламолар «ислом дарчалари»ни анъанавий банкларда муайян талаблар асосида очишга рухсат беришган. Айрим уламолар эса «ислом дарчалари»ни бошқарадиган анъанавий банкларга бироз шубҳа билан қарайдилар, чунки мазкур муассасаларнинг мақсад ва вазифалари ислом банкчилигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш эмас, балки фақат қўшимча даромад олиш деб ҳисоблашади.

Бундан ташқари, анъанавий банклар даромадларининг катта қисми судхўрликка асосланган фаолият турлари ҳисобидан ҳамда ҳалол бўлмаган бизнес лойиҳаларни молиялаштириш ҳисобига олиниши хавотир даражасининг янада ошишига сабаб бўлади.

Бироқ аксарият уламолар даромад манбалари таҳлил қилиниши ва «тоза» қисми ислом дарчасига сармоя қилиниши жоиз эканлигини таъкидлашади. Даромадларнинг «тоза» қисми деганда молия муассасасининг фоиз ҳисобига ёки шариат нуқтаи назаридан тақиқланган бошқа фаолият турларидан (масалан, маст қилувчи ичимликлар ёки тамаки ишлаб чиқарувчи корхоналарга киритилган сармоядан) олган даромадлари эмас, балки бошқа, яъни Ислом динида тақиқланмаган фаолият турларидан олган даромадлари кўзда тутилади.

Банк амалиёти билан яқиндан таниш бўлган молиячиларга маълумки, анъанавий банклар нафақат фоиз асосида тақдим этиладиган қарзлар (кредитлар), балки мижозларга хизмат кўрсатиш, валюта айирбошлаш каби ислом дини нуқтаи назаридан ҳалол бўлган фаолият турларидан ҳам даромад олишади. Шундай қилиб, даромад манбалари ўрганиб чиқилгандан сўнг, «тоза» маблағлар «ислом дарчалари» орқали шаръий нуқтаи назаридан рухсат этилган лойиҳаларга йўналтирилиши мумкин. Бу ерда асосий вазифа анъанавий банк амалиётлари ва «ислом дарчалари»  амалиётлари бир-бирига аралашиб кетишига йўл қўймасликдир. Буни таъминлаш учун «ислом дарчалари» доирасида ислом молияси тамойилларига мос бўлган стандартлар, ҳисоб-китоб ва ҳисобот шакллари қабул қилинади ва қўлланади, яъни барча бухгалтерлик ҳисоб-рақамлар, ўтказмалар, корреспондентлик рақамлари, хуллас барча амалиётлар алоҳида олиб борилади.

Хўш, «ислом дарчалари» фаолият кўрсатиши учун умумий қабул қилинган кўрсатмалар қандай? Қуйида баъзи асосий кўрсатмаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

§ Акциядорлар, директорлар кенгаши ва банк раҳбарияти томонидан ислом молияси бўйича мутахассислар тавсиялари асосида «ислом дарчаси» концепциясини қабул қилиш;

§ Махсус Шариат кенгаши (Shari’a supervisory board – SSB) ташкил этиш ва унинг кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш;

§ Банк доирасида ислом молияси бўйича мувофиқлаштириш ишларини амалга ошириш, жумладан банкда фойдаланиладиган дастурларни ислом молияси талабларига мослаштириш, тадқиқотлар ва тренинглар ташкил қилиш;

§ Ислом молияси талабларига мувофиқ бўлган банк сиёсатини ишлаб чиқиш, шунга мос инфратузилма қуриш ва уни доимий равишда қўллаб-қувватлаб туриш;

§ Ислом дарчаларида ишлайдиган ходимларнинг ислом банклари ахлоқ кодексларига риоя қилишларини таъминлаш;

§ Шариатга мувофиқ бошқарув сиёсатини қўллаш.

§ Ислом молияси тамойилларига тўлиқ мос келадиган маҳсулотлар ва хизматларни жорий қилиш;

§ Шаффофлик сиёсатига амал қилиш (албатта бу мижозларга алоқадор шахсий маълумотларга эмас, балки ҳисоб-китоблар тизимига тегишли), ислом молияси тамойилларига мос бўлган стандартларни, ҳамда ҳисоб-китоб ва ҳисобот шаклларини татбиқ қилиш ва қўллаш.

Турли молия муассасаларининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, «ислом дарчалари»ни очиш асосан икки хил усулда амалга оширилади:

А) Мустақил бўлинма/филиаллар ташкил этиш

Бунда, анъанавий банклар ислом дарчаси сифатида тўлақонли бўлинма/филиал ташкил этиши ва унинг фаолиятини банкнинг бошқа анъанавий фаолиятидан тўлиқ ажратиши талаб қилинади. Ушбу усул Малайзияда кенг тарқалган бўлиб, бошқа мамлакатларда ҳам оммалашиб бормоқда.

Б) Марказлаштирилган бўлинмалар тузиш

Ушбу усул қўлланганда, банк марказлаштирилган ислом бизнеси бўлимини ташкил этади, яъни ўз биносида алоҳида бўлим сифатида «ислом дарчалари»ни ишга туширади ва ислом молияси маҳсулот ва хизматларини тақдим этаверади.

Жаҳонгир Имомназаров
«Ислом молияси» лойиҳаси асосчиларидан,
ҳамда «Islamic Business and Finance» компанияси ҳамтаъсисчиси ва директори

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти