08:39 / 22.01.2021
23873

Президент: Бухоронинг вафот этган икки ҳокимини унутмаймиз

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухоро сафарини Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркон туманлари фаоллари, маҳалла раислари билан учрашувдан бошлади. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бу туманларни ривожлантириш масалалари, хусусан, ишсизлик муаммоси атрофлича муҳокама қилинган.

“Ниятимиз халқимизни рози қилиш. Афсуски, Бухоро вилояти кўп соҳаларда орқада қоляпти. Ичимлик суви, канализация, саноатлаштириш масалаларида муаммолар талайгина. Ҳеч қайси вилоятга сув ва канализация учун Бухорога берилганича миқдорда маблағ ажратмаганмиз. Шунга мажбур бўлдик, сабаби узоқ йиллар бу муаммолар ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Мени ўйлантирган яна бир нарса – вилоятдаги 300 мингдан ортиқ ишсизлар. Аслида жуда кўп муаммолар ишсизликдан келиб чиқади, ажралишлар ҳам, ичкиликбозлик ҳам, можаролар ҳам. 

Бу муаммоларни ҳал қилиш учун олдинги икки ҳоким билан режалар тузгандик, афсуски умрлари қисқа экан, вафот этишди. Албатта, биз уларни унутмаймиз”, – деди президент.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 22 август куни Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов 66 ёшида вафот этганди. 2020 йилнинг 20 сентябрида эса бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Бухоро вилоятининг Карим Камоловдан олдинги ҳокими Ўктам Барноев 56 ёшида вафот этди. Ҳар икки ҳолатда ўлимга коронавирус сабаб бўлган.

Top