Жаҳон | 10:13 / 28.01.2021
5494
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда 1 февралдан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бошланади 

Фото: Sputnik

Қозоғистонда 1 февралдан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бошланади. Йил охиригача 6 млн кишини эмлаш режалаштирилган.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Марат Шорановнинг таъкидлашича, эмлашнинг биринчи босқичида Россиянинг “Спутник V” вакцинаси қўлланади.  

Эмлаш босқичма-босқич амалга оширилади. Февралдан тиббий ходимлар, юқумли касалликлар шифохоналари, тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари эмланади. Март ойидан эса ўқитувчилар ва куч тузилмалари ходимларини, апрелдан талабаларни ва май ойидан вакцина ҳажмига қараб қолган аҳолини эмлаш режалаштирилган.  

Умумий ҳисобда йил охиригача 6 млн кишини эмлаш режалаштирилган. Бунда 18 ёшдан кичик болалар эмланмайди.

“Эмлашга унга қарши кўрсатмаларга эга бўлмаганлар қўйилади. Эмлашдан олдин шифокор кўригидан ўтилади. Эмланаётган одам эмланишдан олдин ихтиёрий равишда эмланишга розилиги ёки уни рад этиши ҳақидаги ҳужжатни имзолайди”, деб маълум қилган Шоранов.

1-босқичда “Спутник V” вакцинаси қўлланади. Февраль бошида ушбу вакцинадан 20 минг доза етказилиши кутилмоқда. 15 февралдан эса Қарағанда фармацевтика мажмуасида ишлаб чиқарилаётган “Спутник V” вакцинаси рўйхатга олинади. Ҳозирда мажмуада 90 минг дозадан иборат биринчи партия ишлаб чиқарилмоқда. Маълумотларга кўра, ушбу вакцина самарадорлиги 92 фоизни ташкил қилади.   

Қозоғистонда ишлаб чиқилган “КазКОВИД-ин” вакцинасини биринчи босқичда 2 млн доза атрофида ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ушбу вакцина клиник синовларнинг дастлабки икки босқичига кўра хавфсиз экани ва яхши ўтказилиши қайд қилинган. Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлигида маълум қилинишича, вакцина коронавирусга нисбатан 96 фоиз даражада юқори иммун фаолликка эгалиги қайд қилинган.    

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид